Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев айрим хориж ОАВларида Ўзбекистон орқали эвакуация қилинаётган Афғонистон фуқаролари орасида турли террористик ташкилотлар аъзоларининг ҳам борлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

У Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхановнинг саволларига жавоб берар экан, қуйидагиларни таъъкидлаб ўтди:

«Айрим ОАВларда транзит орқали террористик гуруҳларга мансуб айрим одамларнинг давлатга кириши ёки хавф-хатарлар ҳақида хабарлар тарқаляпти. Ҳаммамиз яхши биламиз, Ўзбекистон биринчи навбатда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, хорижий дипломатик ваколатхоналар вакиллари ва Афғонистон фуқаролари транзитига яқиндан кўмаклашяпти», — деди ТИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон орқали ўтаётганлар Европа ва бошқа ҳудудларга, хорижий давлатларга олиб кетиляпти.

«Албатта, биз бундай вужудга келган вазиятни эътиборга олган ҳолда халқаро ҳамкорлар билан ўзаро келишувимиздан келиб чиққан ҳолда, гуманитар нуқтаи назардан мана шундай ёрдам кўрсатяпмиз. Мен сизни ишонтириб айта оламанки, Ўзбекистон ҳудудидан транзит орқали ўтиб кетаётган шахсларнинг олдиндан рўйхати бўлади, улар тегишли фильтрдан ўтказилади ва транзит олиб кетаётган давлатлар улар учун барча масъулиятни ўз бўйинларига олади. Бизнинг тегишли ваколатли органларимиз томонидан мамлакатимиз ҳудудида қандайдир террорчилар кириб келишига йўл қўйилмайди», — дея таъкидлади Фарҳод Арзиев.

Маълумот учун, сўнгги ҳафта мобайнида Россия ОАВларида афғон қочқинлари орасида террорчилар ҳам Ўзбекистондан транзит сифатида учинчи давлатга учиб чиқиб кетиш учун самолётларга чипта олаётгани, бироқ чегарадан ўтгач, Ўзбекистон чегарасида қолиб кетаётгани ва террористик ҳаракатлари учун бу ерда шароит яратаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Жумладан, «Аргументы и Факты» нашри француз аксилтеррор органи томонидан «Толибон» ҳаракатининг камида бир жангарисини Франция ҳукумати Афғонистондан эвакуация қилаётган қочқинлар орасида аниқлагани ҳақида хабар қилганди.

Аввалроқ, ТИВ сўнгги бир неча кунда Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан қарийб 2000 нафар чет давлатлар фуқаролари эвакуация қилингани ҳақида хабар берган эди.

18 август куни эса Ўзбекистон ҳукумати Сурхондарёда чодирлар шаҳарчасини ташкил этгани, у ерда Афғонистондан келган 100 дан ортиқ қочқинлар жойлаштирилгани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Sputnik Uzbekistan 650 нафар афғон аскари чегарадаги ҳарбий полигон яқинидаги ковид-марказига жойлаштирилгани ҳақида хабар берганди.