Ўзбекистон паралимпия делегацияси Токио-2020 ўйинлари давомида яна 2 та олтин медални қўлга киритди, деб хабар бермоқда Миллий паралимпия қўмитаси.

Аёллар ўртасида пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида Ф13 классида Нозимахон Қаюмова 42.59 метр натижа билан чемпион бўлди.

Маълумот ўрнида, Нозимахон Қаюмова Рио паралимпиадасида ҳам жамоа ҳисобига олтин медални ёзиб қўйган эди.


Бундан ташқари, яна бир олтин медал Моҳигул Ҳамдамова томонидан ҳам қўлга киритилди. Ф57 тоифасида диск улоқтириш баҳсида қатнашган Ҳамдамова 31.46 метр натижани қайд этиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарди.

Миллий паралимпия қўмитасининг қўшимча қилишича, ушбу дастурда иштирок этган бошқа спортчиларнинг бирортаси бу кўрсаткичга яқин ҳам кела олмаган.


Шу куни пара-енгил атлетиканинг Ф12 тоифасида Элбек Султонов ҳам ядро улоқтириш баҳсларига киришган эди. У 15.94 метр натижа билан бронза медалини қўлга киритди.


Шу билан ҳозирда жамоа ҳисобига 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали ёзиб қўйилди. Натижада умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 12 ўринга кўтарилди.

Бунга қадар, Пара-дзюдочи Учқун Қуронбоев -66 кг вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаб, Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг олтин медалига эга чиққани ҳақида ёзгандик.