Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги туғуруқхона ҳамширасининг сочидан тортиб, куч ишлатган эркак қўлга олинди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланди. Жиноят иши бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилгани қўшимча қилинган.

ССВнинг вазият бўйича берган ахборотига кўра, туғруқхона тиббий бўлими акушер-гинекологига куч ишлатган шахс — 1971 йилда туғилган фуқаро С.С. собиқ ички ишлар органи ходими бўлган.

«Маълум бўлишича, гумонланувчи ҳақиқатан 1998−2002 йилларда ички ишлар органларида хизмат қилиб, сурункали равишда хизмат интизомини бузгани ҳамда ички ишлар органлари ходимига номуносиб хатти-ҳаракатлари учун ишдан хайдалган», — дейилади ССВ хабарида.

Аввалроқ, ҳолат тафсилотлари ҳақида батафсил ёзган эдик. Унга кўра, фуқаро С.С.нинг невараси нуқсон билан туғилиши натижасида, шифокорлар кўрсатган ёрдамга қарамасдан, 70 фоиз ўпка етишмовчилиги билан вафот этган. Шундан сўнг, фуқаро чақалоқни туғдириб олишда қатнашган шифокор Ю.А. нинг олдига бориб, уни сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.