Ижтимоий тармоқларда эркак киши роддомда хамширанинг сочидан тортиб судраб чиқаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ беришича, ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат тўғрисида ахборот берди.

Маълум қилинишича, 25 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Нурсуҳ қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. (1998 й. т.) туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига қабул қилиниб, 26 август куни соат 16:00 ларда оғир аҳволдаги чақалоқни дунёга келтирган.

Туғруқни акушер-гинеколог Ю.А. ва шифокор-неонатолог Ҳ.Н. лар қабул қилган. Дастлабки тиббий текширувлар натижасида болада она қорнидалик даврида эмбрионал ривожланиш ва ҳомила органларининг пайдо бўлиши бузилган ва нуқсонли ривожлангани аниқланган. Натижада гўдак тўлиқ ривожланмаган органлар билан туғилган. Қолаверса, чақалоқда туғма нуқсонлар кузатилиб, боланинг ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган.

Чақалоққа кўрсатилган ёрдам самара бермай у 27 август куни соат чамаси 12:20 да вафот этган. Шундан сўнг чақалоқ мурдаси ва тиббий хужжатлар паталогоанатомик текширувга юборилган.

Шифокор Ҳ.Н. чақалоқ вафот этганлиги сабабли шу куни соат чамаси 12:30 ларда гўдакнинг буваси, фуқаро С.С. ни чақириб, унга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ С.С. муассаса туғруқ бўлимининг врачлар хонасида туғруқ тарихларини ёзиб ўтирган ва туғруқни олиб борган Ю.А. нинг олдига бориб, уни сабабсиз сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу зўравонлик ҳаракатини содир этган шахс, яъни фуқаро С.С. (1971 й.т.) ўз вақтида ички ишлар органлари тизимида ишлаб, нафақага чиққан.

Тиббий текширув давомида жабрланган шифокор Ю.А.га мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокор туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам маркази жарроҳлик бўлимида даволанмоқда.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратга олган мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.