Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати 24 август куни республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказди. Тадбирда 1 тонна 350 кгга яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда гиёҳвандлик билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишига Афғонистонда гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқараётгани таъсир кўрсатмоқда. Халқаро экспертлар маълумотларига кўра, 2020 йилда Афғонистонда кўкнор етиштириладиган майдонлар 224 минг гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори — 6,3 минг тоннани ташкил этган. Шу билан бирга, Афғонистоннинг айрим провинцияларида кўкнор ҳосилдорлигининг ошиши кузатилган.

Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2020 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032 (5026) та, яъни аввалги йилга нисбатан 20 фоиз кўпроқ жиноят фош этилган.

Улардан 1814 (1701) таси наркотик моддарни ўтказиш-сотиш, 304 (395) таси контрабанда, 1521 (1064) таси тақиқланган ўсимликларни етиштириш, 49 (43) таси бангихоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, бошқа турдаги наркожиноятлар 2344 (1823) тани ташкил этган.

Республикада ноқонуний муомаладан 1 тонна 542,6 кг (1 тонна 200,5 кг) ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,5 фоизга кўп наркотик моддалар мусодара қилинди. Уларнинг 28,4 (40,9) кг — героин, 124,1 (224,6) кг — опий, 323,9 (111,6) кг — гашиш, 692,8 (736, 4) кг — марихуана, 279,4 (0) гр — кокаин, 1229,7 (194,1) гр — синтетик наркотик моддалар, 446,98 (0) гр — бошқа наркотик моддалар (эутилон — амфетамин гуруҳига оид этилон наркотик моддасининг аналоги, метамфематин, мефедрон, ЛСД (лизергин кислотаси) ва бошқа турдаги наркотик моддалар) ва 19, 96 (23,8) кг — таркибида наркотик моддалар бўлган дори воситаларидир.

Ўзбекистон ҳудудида 2020 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 53 (105) та ҳолатда 55 (108) нафар чет эл фуқаролари ушланган. Улар Афғонистон — 23 (33), Тожикистон — 9 (26), Қозоғистон — 9 (18), Қирғизистон — 6 (10), Россия — 6 (10), Молдова — 2 (1) фуқаролари бўлиб, жами 303,2 (129,6) кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.

«Қора дори — 2020» тадбири давомида жами 973 (706) та ҳолатда 5737 (3226) кв.м. майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар, шу жумладан, 3251 (2132) кв.м — кўкнор, 2486 (1094) кв.м — наша экинлари етиштирилаётгани аниқланган.

Ўзбекистон гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ишлари давом эттирмоқда.

2020 йил сентябрь ойида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази ва ИИВнинг Бош эксперт-криминалистика маркази лабораториялари ISO/IEC 17025:2019 халқаро стандарт сертификатларини олди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бошқармаси Марказий Осиё минтақавий идораси Япония ҳукумати кўмагида гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш учун Ўзбекистондаги чегаравий ҳамкорлик идоралаи ва идоралараро мобил гуруҳларни қўллаб -қувватлашга 674 минг долларлик ускуналарни топширган эди.

Май ойида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш учун иккита чегаравий ҳамкорлик идораси очилди.

Фото