Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати билан давлат чегарасини ноқонуний йўллар билан кесиб ўтган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кафолат олиш юзасидан катта ишлар амалга оширилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

«Толибон раҳбарияти вакиллари билан ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилди», — дейилади хабарда.

Қўшимчи қилинишича, Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммасига уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари билан тўлиқ хавфсиз.

«Газета.uz» Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана тақдим этгани ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Бош прокуратура 585 нафар (умумий 669 киши) қуролланган афғон аскари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтгани ҳақида хабар берган эди (кейинчалик ушбу хабарни охиригача тасдиқланмаган деб атаган).

18 август куни «Газета.uz» Ўзбекистон ҳукумати Сурхондарёда чодирлар шаҳарчасини ташкил этгани, у ерда Афғонистондан келган 100 дан ортиқ қочқинлар жойлаштирилгани ҳақида ёзган эди.