Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги чодирли лагерга 100 дан ортиқ афғонистонлик қочқинларни жойлаштирди. Бу ҳақда «Газета.uz» га лагердаги тиббий марказда ишлайдиган шифокорлардан бири хабар берди.

Sputnik Uzbekistan маълумотларига кўра, қочқинлар сони 150 га яқин, улардан 17 нафари аёллар ва болалар.

Жойлаштиришдан олдин уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига текширилган — вирусни юқтирганлар аниқланмаган. Бу одамларнинг яшаш муддати ва кейинги тақдири ҳақида ҳозирча хабар берилмаган.

Бундан ташқари, агентлик хабарига кўра, Ўзбекистонга самолёт орқали келган 650 га яқин афғон ҳарбийлари маҳаллий ҳарбий полигон яқинидаги ковид-марказида вақтинча жойлаштирилган.

«Газета.uz» Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана тақдим этгани ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Бош прокуратура 585 нафар (умумий 669 киши) қуролланган афғон аскари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтгани ҳақида хабар берган эди (кейинчалик ушбу хабарни охиригача тасдиқланмаган деб атаган).

Июль ойи охирида Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари «Газета.uz»нинг сўровига жавобан Афғонистон билан чегара яқинида қочқинлар учун чодирлар шаҳарчаси қурилаётганлигини инкор қилган эди.