Forbes нашри Браун университети маълумотлари асосида Афғонистонда олиб борилган ҳарбий ҳаракатларга оид айрим ҳисоб-китобларни эълон қилди.

Браун университетининг Ҳарбий харажатлар лойиҳаси АҚШнинг Афғонистондаги урушга йўналтирган харажатларини 2,26 трлн долларга баҳолаган. Бу ўтган 20 йилнинг ҳар бир куни учун ўртача 300 млн доллар дегани. Бу маблағ 40 миллион кишилик Афғонистон аҳолисининг ҳар бирига 50 минг доллардан тўғри келади.

Тўғридан-тўғри уруш харажатлари 800 млрд доллардан кўпроқ. АҚШ солиқ тўловчилари афғон аскарларига йилига 750 млн доллардан маош тўлаб келганлар. Бундан ташқари, уруш ветеранлари ҳақида ғамхўрлик қилиш харажатларига қарийб 300 млрд доллар кетган (бу суммага АҚШ ҳукумати Афғонистондаги уруш ветеранларининг умри охиригача сарфлайдиган ғамхўрлик маблағлари кирмаган).

Aljazeera нашрининг ёзишича, 144 млрд доллар Афғонистонда қайта қуриш ишлари, жумладан, хавфсизлик хизматини шакллантириш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, иқтисодий кўмак, ижтимоий тараққиёт ва ноқонуний гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш дастурлари ва лойиҳаларига йўналтирилган. Шу жумладан, 88,3 млрд доллар Афғон армиясини ўқитиш ва ҳарбий техника билан таъминлаш учун сарфланган.

«Бир сўз билан айтганда, АҚШ 20 йил мобайнида Толибонни тийиб туриш учун Жефф Безос, Илон Маск, Билл Гейтс ва Американинг бошқа 30 нафар энг йирик миллиардерлари жами бойликларидан ҳам кўпроқ маблағ сарфлаган», — деб ёзади Forbes.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. АҚШнинг Афғонистондан чиқиши тугагандан сўнг ҳам харажатлар давом этади.

Associated Press аниқлик киритишича, АҚШ Корея ва Вьетнам урушларидан фарқли ўлароқ, Афғонистондаги уруш ҳаракатларини қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирган. Афғонистон, шунингдек, Ироқда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар учун АҚШ жами 2 трлн доллар қарз маблағларини жалб қилган. 2050 йилгача бўлган муддатда олинган қарзлар фоизлари 6,5 трлн долларни ташкил этиши башорат қилинди. Бу ҳар бир АҚШ фуқароси учун 20 минг доллардан тўғри келади.

Шунингдек, молиявий ҳисоб-китоб қилиб бўлмайдиган йўқотишлар ҳам бор.

Афғонистонда қарийб 2500 америкалик ҳарбий ва 4000 га яқин америкалик пудратчилар ҳалок бўлганлиги айтилган. Бундан ташқари, тахминан 69 минг афғон ҳарбийлари, 47 минг тинч аҳоли ва 51 минг мухолифат жангчилар қурбон бўлган. Ҳозирги кунгача АҚШнинг 20 минг нафар қурбонлари учун ғамхўрлик қилиш харажатлари 300 млрд долларни ташкил этган, бу харажатларга яна 500 млрд доллар сарфланиши кутилмоқда.

Афғонистондаги урушда ҳалок бўлган одамлар сони

АҚШ ҳарбий хизматчилари
2442 нафар
АҚШ мудофаа вазирлигида ишловчи оддий фуқаролар
6 нафар
АҚШ пудратчилари
3846 нафар
Афғон ҳарбийлари ва полициячилари
66 000 — 69 000 нафар атрофида
Бошқа иттифоқчилар хизмат вакиллари, жумладан, НАТОга аъзо давлатлар вакиллари
1144 нафар
Афғон фуқаролари
47 245 нафар
Толибон ва бошқа мухолифат кучлар жангарилари
51 191 нафар
Ёрдамчи кучлар
444 нафар
Журналистлар
72 нафар
Жами
171 000 — 174 000 нафар атрофида

Маълумот учун, 2001 йилнинг 11 сентябрида Афғонистонда туриб фаолият олиб борган «Ал Қоида» томонидан Нью Йоркда амалга оширилган терактдан сўнг АҚШ дунё бўйлаб терроризмга қарши уруш очган эди. 2001 йил 18 сентябрда Конгресс терактни уюштирганликда айбланувчиларни таъқиб қилишга рухсат бергач, Афғонистонда АҚШ ва халқаро коалиция қўшинлари жойлаштирилди ва «Толибон» ҳокимияти ағдарилди. Сўнгги 20 йил давомида АҚШ Афғонистонда «Толибон»га қарши курашиш ва бошқа террористик фаолиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни олиб борди.

2021 йилнинг 8 июлида АҚШ президенти Жо Байден «Ал Қоида» раҳбари йўқ қилиниши муносабати билан АҚШнинг Афғонистондаги миссияси тугаганлиги, 31 августгача АҚШ ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини маълум қилди. Жо Байден энг замонавий ҳарбий техникалар билан қуролланган 300 минг кишилик афғон армиясига ишонч билдирганига қарамай, афғон ҳукумати ва ҳарбийлари мамлакатни деярли жангсиз «Толибон» қўлига топширди.