Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги ҳарбий миссияси 31 август куни якунланади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 8 июль куни Оқ уйдаги чиқишида маълум қилди.

У Америка ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш бўйича ўз қарорини ҳимоя қилиб, АҚШ мамлакатга ҳарбий контингент киритишдан кўзланган мақсадга эришганлигини таъкидлади: 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркка ҳужум уюштирган «Ал-Қоида» террористик ташкилотининг раҳнамосини йўқ қилиш ва келажакда бундай ҳужумларнинг олдини олиш.

«Биз ушбу мақсладларга эришдик, шунинг учун ҳам кетдик. Биз Афғонистонга миллат қуриш учун келмадик, ўз келажагини аниқлаш ва ўз мамлакатини қандай бошқариш бўйича қарор чиқариш фақат афғон халқининг ҳуқуқи ва масъулиятидир», — деди Жо Байден.

Оқ уй раҳбари АҚШ НАТОдаги ҳамкорлари билан биргаликда Афғонистоннинг мудофаа ва хавфсизлик бўйича миллий кучларининг деярли 300 минг нафар ҳарбий хизматчиларини ўқитиб, қурол-аслаҳа билан таъминлаганлигини таъкидлади. Шунингдек, ғарб ҳарбий контингенти сўнгги 20 йилда яна 100 минг нафар ҳарбийларни тайёрлаган.

«Биз афғон ҳамкорларимизни машғулот ва қуролланиш учун барча воситалар билан таъминладик. Уларга илғор қуролларни тақдим этдик. Ва уларни молиялаштиришда ва техника етказишда давом этамиз. Улар ўзининг ҳарбий ҳаво кучларини қўллаб-қувватлай олишлари учун имконият яратамиз», — дея таъкидлади АҚШ президенти.

У АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва АҚШнинг Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича махсус вакили Залмай Халилзоддан можарони музокаралар йўли билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлаш учун Афғонистондаги томонлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро манфаатдор томонлар билан «фаол ишлашни» сўраганлиги ҳақида айтиб берди.

«Минтақадаги мамлакатлар можаронинг тинч йўл билан ҳал қилинишида муҳим роль ўйнашлари керак. Биз улар билан ишлаймиз ва улар ҳам ўз ҳаракатларини фаоллаштиришлари керак», — дея қайд этди Жо Байден.

Америка раҳбари АҚШ ўз ҳарбийлари билан ишлаган афғон фуқаролари бўйича масъулиятни ўз бўйнига олишини таъкидлади. У ушбу афғон фуқароларининг АҚШга кириши учун махсус иммиграцион визаларни (SIV) расмийлаштириш муддати қисқартирилганлигини қўшимча қилди. Бундан ташқари, июль ойидан бошлаб АҚШ SIV визасига ариза топширган афғонистонликлар ва уларнинг оилаларини хавфсизроқ жойга кўчириш бўйича рейсларни амалга оширишни бошлайди. Байден ушбу афғонистонликлар айнан қайси мамлакатларга кўчирилиши ҳақида маълумот бермади. Олдинроқ Bloomberg АҚШ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатларидан Америка ҳарбийлари билан ишлаган 9000 нафар афғонистонликларни вақтинча қабул қилишни сўраганлиги ҳақида хабар берган эди.

Оқ уй раҳбари Афғонистон ҳудудида АҚШ қўшинларининг жойлашувини нима учун чўздирмаганлигига изоҳ бериб, «яна бир йиллик ҳарбий ҳаракатлар — ечим эмас, балки у ерда номаълум муддатга қолиш учун восита» дея таъкидлади. У 2020 йил Дохада тинчлик шартномаси имзолангандан кейин толиблар Америка қўшинларига йирик ҳужумлар уюштиришни тўхтатганлигини, унинг бузилиши ҳужумлар яна такрорланишига олиб келишини қўшимча қилди.

«Мен бошқача натижа бўлишини билмасдан туриб Афғонистонга америкаликларнинг яна бир авлодини уруш учун юбормайман. Америка Қўшма Штатлари 20 йил олдинги дунёда тузилган сиёсатга боғлиқ бўлиб қола олмайди», — деди Жо Байден.

Ўз навбатида, у АҚШнинг мамлакатни ва унинг манфаатларини «Афғонистондан чиқаётган ёки келаётган ҳар қандай янги террористик хавфдан» ҳимоя қилиш имкониятлари борлигини таъкидлади.

АҚШ раҳбари ўз чиқишидан сўнг журналистларнинг Афғонистондаги вазиятга оид саволларига жавоб берди. «„Толибонга“ ишонасизми?» деган саволга Жо Байден: «Йўқ» деб жавоб берди. Шунингдек, у «Толибон» Афғонистонни босиб олишига ишонмаслигини, чунки 75 минг толибларга қарши афғон армиясида 300 минг яхши таъминланган ҳарбийлар борлигини таъкидлади.

«„Толибонга“ ишонаманми? Йўқ. Лекин мен яхшироқ ўргатилган, яхшироқ қуролланган ва уруш олиб бориш нуқтайи назаридан малакалироқ бўлган афғон ҳарбий кучларига ишонаман», — дея жавоб берди Оқ уй раҳбари.

Шунингдек, АҚШ президенти афғон ҳукумати ва раҳбарияти ўзини қулашининг олдини олиш учун бирлашиши кераклигини таъкидлади. «Гап уларнинг бирдамликка кела олишида. Гап уларнинг имкониятида эмас. Уларнинг имкониятлари бор. Кучлари бор. Техникаси бор», — деди Жо Байден.

«Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликка эришишнинг ягона йўли — бу „Толибон“ билан modus vivendi`ни (ҳаёт тарзи — таҳр.) аниқлаш ва қандай қилиб тинчлик ўрнатиш бўйича хулосага келиш», — деди Байден. У Афғонистонда бутун мамлакатни бошқарадиган ягон ҳукумат бўлишининг имконияти жуда кичкина эканлигини қўшимча қилди.

Оқ уй раҳбари «Афғонистон халқи қандай ҳукуматни хоҳлашини ўзи ҳал қилиши керак, биз уларга қайси ҳукуматни танлашни кўрсатмаслигимиз керак», деб қайтарди.

«Ҳеч қайси давлат Афғонистонни бирлаштира олмаган, ҳеч қайси давлат. Империялар у ерга келиб бу ишни уддаламаган», — деди Жо Байден, мамлакатнинг 19-асрда Британия империяси томонидан оккупация қилингани ва 1979−1989 йилларда Совет иттифоқининг ҳаракатларини назарда тутиб.