Июль бошида Eurasianet ҳукумат кучлари ва «Толибон» ўртасидаги жанглар бўлиб ўтаётган Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларидан қочқинлар оқими кириб келиши кутилаётгани муносабати билан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри яқинида палаткалар шаҳарчаси қурилгани ҳақида хабар берган эди.

«Газета.uz» мазкур хабарни текшириш учун 8 июль куни ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги раҳбарияти номига ёзма сўров жўнатди ва унга 26 июль куни жавоб олди.

23 июль куни ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Баҳодир Мусурмонқулов имзолаган хатда қайд этилишича, Афғонистон билан чегара олди ҳудудларда «ҳеч қандай палаткалар қурилаётгани йўқ». Бундан ташқари, ДХХ Чегара қўшинларининг маълумотига кўра, 2021 йилда Афғонистондан бирорта ҳам қочоқ Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмаган.

«Давлат чегарасини бузиб ўтган шахслар Давлат чегараси бузувчилари сифатида қўлга олинган ва уларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигига асосан тегишли чоралар кўрилган», — дейилади хатда.

Аввалроқ, Ўзбекистон ТИВ 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ва маҳаллий жангарилар Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига қурол билан ўтганини маълум қилган эди. Шундан кейин 27 июнь куни яна 44 нафар афғон аскарлари, бир кун аввал эса — 3 нафар Афғонистон куч ишлатар тузилмалари аъзоси Ўзбекистон чегарасини бузишгани маълум бўлди.

«Газета.uz» сўровига кўра, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги 23−30 июнь кунлари Афғонистон Ислом Республикасининг жами 150 га яқин ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кўнгиллилари қўлга олинганини маълум қилди. Суриштирув ва терговга қадар тадбирлар олиб борилганидан сўнг, афғон фуқаролари Афғонистон томонига топширилган.

Чегара қўшинлари маълумотига кўра, Афғонистон ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кўнгиллилари Ўзбекистон ҳудудига Амударё дарёсидан қайиқлар ёрдамида ўтган.