Пастдарғомда 4 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 17 август куни соат 10:30 ларда, Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани ҳудудидан ўтган 4R-46 автомобиль йўлининг 22-километрида содир бўлган.

Ҳайдовчи А.Я. (1961 й.т.) Lacetti русумли автомобилда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида, ҳайдовчи Х.Б. (1986 й.т.) бошқарувидаги «Ваз-21063» русумли, ҳайдовчи Ш. М. (1992 й.т.) бошқарувидаги «Ваз-21011» русумли ҳамда ҳайдовчи Ғ.Х. (1981 й.т.) бошқарувидаги Damas русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Натижада, «Ваз-21011» русумли автомобиль йўловчиси З.Б. оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, икки нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.