Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятига қўнган ва ичида Афғонистон ҳарбий хизматчилари бўлган иккита Black Hawk вертолёт акс этган видеоёзув тарқалди. «Газета.uz» манбаси афғон вертолётларининг Сурхондарёга қўнганини тасдиқлади.

Видеоёзувдаги мулоқотга таянилса, вертолётлардан бирида 9 нафар, иккинчисида эса 12 нафар ҳарбий хизматчи бўлган. Уларнинг аксарияти учувчи эканликларини айтишган.

Афғонистон ҳарбийларининг ёнида қуроллар — тўппончалар ва автоматлар — бўлган ҳамда уларни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва чегарачиларга топширишга тайёр эканликларини билдиришган.

Видеога кўра, Афғонистон ҳарбий хизматчилари ўзбек томонининг барча талабларини бажарган ва чегарачилар фаолиятига тўсқинлик қилмаганлар.

Афғон ҳарбийларида бири нима учун улар Ўзбекистонга учиб келгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўзбек тилида: «Толиблар Кобулни эгаллашди, биз жанг майдонидан қочдик… бошқа чорамиз йўқ эди, биз шу ерга келишга мажбур бўлдик», — дея жавоб берди.

8 дақиқаю 27 сониялик ёзув бошида ИИВ ходимларини, охирроғида эса ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини кўриш мумкин. Улар учувчиларга вертолётларни яқин аэропортга олиб боришга буйруқ беришган. Ёзув вертолёт ҳавога кўтарилиши билан тугайди.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Бош прокуратура 14−15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбиий вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кирган ва Термиз халқаро аэропортига мажбурий қўндирилганини маълум қилган эди. 15 августда Афғонистоннинг Embraer 314 ҳарбий самолёти уни кузатиб бораётган Ўзбекистон ҲҲКнинг «МиГ-29» самолёти билан тўқнашиб, ҳар икки самолёт Сурхондарё вилояти ҳудудига қулаган. Уларнингр учувчилари парашют орқали ерга тушишган.