«Толибон» ҳаракати Афғонистон шимоли-ғарбидаги Балх вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Мозори-Шариф шаҳрида ўз назоратини ўргантганини эълон қилди. Бу ҳақда ТАСС толибларнинг расмий вакили Забиҳулла Мухоҳиднинг Twitter`да қолдирган баёнотига асосланиб хабар бермоқда.

«Ҳозиргина Балх вилоятининг пойтахти — Мозори-Шариф шаҳри бизнинг назоратимизга ўтди. Бир неча дақиқа олдин губернатор, полиция раҳбари, разведка хизмати <...> ва вилоятнинг бошқа раҳбарлари қўлга олинди», — дейилади хабарда.

«Аль-Арабия» телеканали маълумотларига кўра, ҳукумат қўшинлари Мозори-Шарифни деярли жангсиз толибларга топширишган, ўз позициялари ва қуролларини ташлаб, қочишга тушишган. Шаҳар чеккаларида кичик тўқнашувлар давом этмоқда.

Reuters агентлигининг Балх вилояти маҳаллий кенгаши раҳбари Муҳаммад Афзал Ҳадидга таяниб маълум қилишича, Мозори-Шарифдан қочган ҳозирда ҳукумат қўшинлари вакиллари Ўзбекистон билан чегара томон йўл олган.

VoA журналисти Айаз Гул (Ayaz Gul) Ҳайратон (Афғонистон) ҳамда Термиз (Ўзбекистон) шаҳарларини бирлаштирадиган Амударё устидаги автомобил-темирйўл кўприги бўлмиш Дўстлик кўпригидан лавҳаларни эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон хавфсизлик хизматларининг чекинган қисми қўшни Ўзбекистон томон қочган.


Дўстлик кўприги. Фото: «Газета.uz»

New York Times нашрининг ёзишича, «Толибон» шимолдаги сўнгги шаҳарни жуда тез эгаллаб олган. Шаҳар чеккасидаги фронт линияси кесиб ўтилгандан сўнг бир соат ўтибоқ толиблар Мозори-Шарифда ўз назоратини ўрнатган. Бундан кўп тўмай ҳукумат хавфсизлик кучлари ва маҳаллий жангари гуруҳлар қочишни бошлаган. Уларнинг орасида Афғонистон ўзбекларининг норасмий етакчиси маршал Абдул- Рашид Дўстум ва тожиклар етакчиси, Балх вилоятининг собиқ губернатори Атта Муҳаммад Нур ҳам борлиги айтилмоқда.


«Толибон» назорати остидаги ҳудудлар, баҳсли ва ҳукумат ҳудудлари Манба: The New York Times.

«Газета.uz» ҳозирча чегарадаги ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Чегара қўшинлари матбуот хизматларидан изоҳ оломади.

Шу ҳафта «Толибон» Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳорни ва энг йирик вилоятлардан бири Ҳиротни эгаллади. Мозори-Шариф толиблар қўлига ўтгандан сўнг фақатгина иккита йирик шаҳарлар — Қобул ва мамлакатнинг шарқида жойлашган Нангархар вилояти маркази бўлмиш Жалолобод шаҳри ҳукумат назорати остида қолмоқда.