Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 11 август куни «Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг 2021 йилда амалга ошириладиган устувор режалари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

E-Qaror порталига жойлаштирилган ҳужжатда қайд этилишича, қарор «Тошкент шаҳар йўловчи транспортида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳамда жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш ва тубдан яхшилаш, шаҳар аҳолиси ва Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайликлар яратиш мақсадида» қабул қилинди.

Қарорда Қурилиш бош бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, ИИББ ЙҲХБ транспорт бошқармасига уч ой муддатда «Оқтепа майдони — Боғибўстон кўчаси» йўналишидаги умумий узунлиги 3,38 км бўлган автобус ва йўналишли таксилар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлагини жорий этиш топширилди.

Харита бўйича юқорида кўрсатилган қисм 2016 йилгача трамвай қатнаган участкага тўғри келмоқда. Мазкур йўналиш бўйича (Оқтепа майдонидан Шота Руставели кўчасигача) алоҳида бўлакни жамоат транспорти ҳаракати учун очишни январь ойида шаҳар Транспорт бошқармаси ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси таклиф қилган эди. Ўшанда жами 10 та кўчада полосаларни ажратиш таклиф этилган эди.

2018 йилда «Газета.uz» россиялик таниқли урбанист Аркадий Гершманнинг Муқимий кўчасини реконструкция қилиш таклифини эълон қилган эди.

Шу йилнинг ноябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга еттита BRT (bus rapid transit — бошқа транспортлардан тўлиқ озод қилинган тезкор автобус йўналиши) йўналишларини ишга тушириш режаси тақдимоти ўтказилган эди. Уларнинг тўрттаси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида, яъни жорий йил сентябригача очилиши керак эди. Мазкур режаларнинг қайси босқичда экани номаълум.

Ҳоким қарорида халқ депутатлари шаҳар кенгашига автобус оралиқ бекатларининг намунавий дизайнини ишлаб чиқиш, жамоат транспорти алоҳида ҳаракатланиши учун ажратилаётган йўл бўлагида бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишини тартибга солиш механизмлари акс эттирилган ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Ҳужжат асосида автобус оралиқ бекатларида амалдаги қонунчиликка асосан онлайн аукцион орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга муддатли фойдаланиш ҳуқуқи асосида ижарага бериш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқилади.

2020 йил охирида Транспорт бошқармаси раҳбари Анвар Жўраев Тошкентдаги барча автобус бекатларини ягона концепция асосида янгилаш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Унда ҳаракат жадвали акс этган табло ва бошқа қулайликлар (Wi-Fi, мобил қурилмаларни қувватлаш станцияси, банкоматлар, камералар, чиқинди идишлари) бўлиши айтилган эди.

Лойиҳада бекатлардаги дўконлар кўзда тутилмаган. Шу билан бирга, тадбиркорларга LED-экранларда маҳсулот ва хизматларни реклама қилиш имконияти берилиши кутилган эди. Шаҳардаги айрим бекатларга экранлар ўрнатилди, бироқ йўловчилар уларнинг ёрқинлигидан шикоят қилмоқдалар.

Ҳоким қарорида, шунингдек, Транспорт бошқармаси, Молия бош бошқармасига мутасадди ташкилотлар билан биргаликда янги йўл ўтказгичлар барпо этиш, кесишмаларни реконструкция қилиб, уларнинг ўтказувчанлигини ошириш, янги йўл қуриш ва молиялаштириш бўйича 2021 йил IV чорак ва 2022 йил давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли доимий комиссияларига таклифлар киритиш топширилган.

Февраль ойида транспорт ҳаракатини ташкил этиш кўзда тутилган Тошкент кўчалари ва чорраҳалари рўйхати эълон қилинган, мазкур лойиҳалар президентга тақдим этилган эди.