Айни вақтда Ўзбекистон президенти ва Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учрашуви бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Президент сурхондарёлик Баҳодир Жалоловнинг ғалабасига ҳам тўхталди.

«Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман.Енгилмас боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга намуна бўлди. Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди», — деди у.

У ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиққани айтилди.

«Ман ўйлайманки, қишлоқдошларинг, дўстларинг, укаларинг учун катта мактаб яратиш вақти-соати келди. Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ташкил қилиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича топшириқ берди.