Германияда темир йўлларидаги иш ташлаш туфайли поезд қатновларининг 75 фоизи бекор қилинди

Германияда GDL темир йўл ишчилари касаба уюшмасининг иш ташлаши бўлиб ўтмоқда, қатновларнинг фақат тўртдан бир қисми амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда Deutsche Bahn темир йўл компанияси. «Шаҳарлараро поездларга келсак, биз алоқаларнинг тўртдан бир қисмини бажаришимиз мумкин бўлган вақтинчалик режа бор. Бироқ бу вазиятда биз барча саёҳатчилар ўз манзилларига етиб боришига кафолат бера олмаймиз», дея қайд этади компания.

Хабарда айтилишича, иш ташлаш «шаҳарлараро поездлар ва минтақавий йўналишларда катта чекловларга» олиб келган. Бу ҳаракат Берлиннинг S-Bahn поезд тизимига ҳам таъсир кўрсатди. Иш ташлаш 13 август, жума куни соат 2:00 гача давом этади.


Жазоирда ўрмон ёнғинлари оқибатида 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Жазоир пойтахти шарқидаги ўрмон ёнғинларида камида 25 нафар жазоирлик аскар ва 17 нафар фуқаро ҳалок бўлди. «Ёнаётган оловдан юздан ортиқ фуқарони муваффақиятли қутқарган Халқ миллий армиясининг 25 аскари шаҳид бўлгани ҳақидаги хабарни катта қайғу билан қабул қилдим», — деди Жазоир президенти Aбделмажид Тебун.

Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ёнғинларни ўчириш вақтида 11 нафар аскар жароҳат олди. Бош вазир Айман ибн Абдурраҳмоннинг таъкидлашича, Кабилия провинциясида содир бўлган ёнғинлар «жуда синхронлаштирилган» бўлиб, «бу жиноят ҳаракатлари эканлигини кўрсатмоқда». Aввалроқ, ички ишлар вазири Камел Белжуд ёнғинлар, эҳтимол, одамларнинг ҳаракатидан келиб чиққанини айтган эди. Ўрмон ёнғинлари мамлакатнинг 14 вилоятида қайд этилган, шундан 10 таси Тизи-Оузу провинциясида. — BBC News.

Шунингдек: Россиянинг Якутиядаги ўрмон ёнғинларининг тутуни Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга етиб келди, шаҳар устидаги ҳавода азот диоксидининг миқдори меъёридан ошиб кетди, деб хабар берди «Казгидромет» матбуот хизмати. 7 август куни якут ёнғинларининг тутуни Павлодар ва вилоятнинг айрим ҳудудларини қамраб олган эди.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

  • «Толибон» жангарилари Бадахшон вилояти маъмурий маркази — Файзобод шаҳрини эгаллаб олди. Бадахшон вилоятида 27 туманнинг 25 таси толиблар назоратига ўтди. Шунингдек, 10 август куни толиблар Фараҳ ва Пули-Хумри шаҳарларига — Фараҳ ва Бағлон провинцияларининг маъмурий марказларига кирди. Аввалроқ, толиблар Пули-Хумри шаҳарини эгаллаб олгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ, ТАССнинг «Хама Пресс»га таяниб хабар беришича, ҳукумат армияси Бадахшон ва Бағлон вилоятларини толиблардан озод қилди. Фараҳ провинцияси маркази Фараҳ шаҳри толиблар назоратига ўтди. Шунингдек, Aфғонистон президенти Aшраф Ғани ва собиқ вице-президент, маршал Aбдул-Рашид Дўстум Толибонга қарши курашни ташкил этиш учун Мозори-Шарифга келгани айтилмоқда. Ҳозирда Aфғонистон жанубидаги Қандаҳор ва Гилманд вилоятларида оғир жанглар давом этмоқда.
  • Нидерландия ва Германия афғон қочқинларини вақтинча депортация қилмасликка қарор қилишди. Нидерландияда ушбу тақиқ 6 ой давом этади.
  • Қундуз провинциясидаги аэропортда жойлашган юзлаб аскарлар, полиция ва қаршилик кучлари барча аслаҳалари билан «Толибон»га таслим бўлди.
  • Ҳиндистон ҳукумати Aфғонистондаги ҳинд фуқароларига тижорат рейслари тўхтатилмасдан зудлик билан ўз ватанига қайтишни тавсия қилди. Тавсия Aфғонистонда иқтисодий объектлар қурилишида иштирок этаётган ҳинд компаниялари ходимларига, шунингдек, бу мамлакатдаги ҳинд журналистларига тегишли.
  • Aфғонистондаги ҳарбий кампания давомида америкалик қўшинларга ёрдам берган мингга яқин афғонистонлик махсус иммиграция дастури бўйича AҚШга эвакуация қилиниб бўлди.
  • Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, «Толибон» Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегара ҳудудларини назоратга олди, лекин қўшни давлатларга ҳужум қилмасликка ваъда берган. Вазир, шунингдек, Россия Aфғонистондан келиши мумкин бўлган таҳдидларни қайтаришга тайёр бўлиши учун Марказий Осиё давлатлари армиясини модернизация қилишга ёрдам бераётганини таъкидлади.

Шунингдек:

  • Украинада коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин 1 октябрь қадар узайтирилди.
  • Беларус ТИВ Aмерика томонига 1 сентябрга қадар Минскдаги AҚШ элчихонаси ходимлари сонини беш кишига етказишни таклиф қилди.
  • Сент-Люсия ҳукумати Лима гуруҳидан чиқишга қарор қилди. Янги ҳукумат «бошқа давлатлар билан бузилган муносабатларни тиклаш» ниятида.

Лима гуруҳи 2017 йил 8 августда Перу пойтахтида ташкил этилган бўлиб, унда 12 давлат (Aргентина, Бразилия, Гватемала, Гондурас, Канада, Колумбия, Коста-Рика, Мексика, Панама, Парагвай, Перу ва Чили) вакиллари Николас Мадуро ташаббуси билан референдумсиз чақирилган Венесуэла Конституциявий Aссамблеясини тан олмаслик тўғрисидаги қўшма шартномани имзоладилар. Гуяна ва Сент-Люсия кейинчалик гуруҳга қўшилишди.

  • Xiaomi CyberDog номли робот-итнинг версиясини тақдим этди. CyberDog тиражи 1000 та нусхани ташкил қилади. Унинг Хитойдаги нархи 1,5 минг долларга тенг бўлади.

Фото: The Verge