«Газета.uz» мутахассисларга коронавирусга қарши эмланиш бўйича асосий саволларни беришда давом этмоқда.

Молекуляр генетик, биотехнолог, биология фанлари доктори ва Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев ҳомиладор аёллар коронавирусга қарши вакцина олиши мумкинми ва коронавируснинг ҳомиладорлар учун хавфи ҳақида гапириб берди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Алишер Абдуллаев коронавирусдан тузалган одам нега вакцина олиши кераклиги ҳамда вакциналар дозаси орасидаги интервал қанча бўлиши кераклиги ҳақида гапирган эди.

— ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг ҳомиладор аёллар ва ҳомилага таъсири ўрганилмоқдами?

— Билишим бўйича, биз ҳали ҳомиладор аёлларни эмламаганмиз.

— Нима деб ўйлайсиз, ушбу вакцина билан ҳомиладор аёлларни эмлаш мумкинми?

— Менинг шахсий фикрим шуки, тадқиқотлар олиб борилаётган пайтда эмламай туриш керак. Дорини ишлаб чиқариш билан шуғулланаётганлар ҳомиладор аёлларга вакцина олиш мумкин дейишса, ўшанда мумкин. Менга ҳозирча зарари бўлмайдигандек туюляпти.

— Агар зарари бўлмаса, унда нима сабабга кўра мумкин эмас?

— Биз биринчи навбатда ҳомиладор бўлмаганларда ушбу вакцинанинг самарадорлигини баҳолашимиз керак. Етарлича маълумот тўпланганидан сўнг, вакцинани ишлаб чиқарувчилар ҳомиладор аёлларни эмлаш мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин.

— Вакцина ҳомиладор ҳайвонларда текширувдан ўтганми?

— Aлбатта, ўтган. Aммо уларда ҳолат умуман бошқача. Сиз ҳайвонлардан фақат биокимёвий кўрсаткичларни олишингиз мумкин, лекин сиз уларнинг асл ҳолатини ўзларидан сўраб била олмайсиз. Кўрсаткичлар яхши. Aммо ҳомиладор ҳайвонлар ва ҳомиладор аёллардаги физиологик жараёнлар ҳомиладор бўлмаганларникидан фарқ қилади.

Aёл организми ҳомилани бегона организм сифатида қабул қилади. Онани ҳомиладорлик давридан эсон-омон ўтиши ва боланинг керакли муддатгача қоринда қолиши учун ҳомиладор аёл танасида ҳомилага нисбатан толерантлик пайдо бўлади. Aгар толерантлик шаклланмаса, унда ҳомила нобуд бўлиши мумкин. Кўпинча бу салбий ҳодиса ҳисобланади.

Шунинг учун ҳомиладор аёлларнинг организмида содир бўладиган биокимёвий ўзгаришлар боланинг нормал шаклланишига ва соғлом туғилишига ёрдам беради. Шунга кўра, биз ҳали аёл организмида содир бўладиган ўзгаришлар вакцина самарадорлигига қандай таъсир қилиши мумкинлигини билмаймиз. Ҳомиладор аёлга вакцина қилинса, у самарали бўлмаслиги мумкин, ёки бирор жиддий реакцияни юзага келтириши мумкин.

— Коронавирус ҳомиладор аёллар учун хавфлими? Ҳомиладор бўлмаганларга нисбатан ҳомиладор аёллар учун хавфлироқми?

— Мен шифокор эмасман, шунинг учун аниқ бир нарса дея олмайман. Лекин билишимча, ҳа. Ҳомиладорлик пайтида аёл организми заифлашади. Коронавирус билан касалланиш она ва бола учун жиддий синов. Айниқса, юқори ҳарорат ҳомила учун жуда хавфлидир.