2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 866,9 млрд куб метрга баҳоланмоқда. Бу ҳақда душанба куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда тақдим этилган тақдимот лавҳаларида айтилган. «Газета.uz» уларга эътибор қаратди.

Ушбу кўрсаткич Британиянинг BP компаниясининг 2016 йилги баҳосидан 766,9 млрд куб метрга кўпроқ. Ўшанда BP Ўзбекистондаги газ захираларини 1,1 трлн куб метрга баҳолаган эди.

2020 йилги ҳукумат қарори лойиҳасида 2020−2025 йилларда Ўзбекистоннинг табиий газ захиралари 361 млрд куб метрга, нефть захиралари эса 20,4 мон тоннага ўсиши баҳоланган эди. Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» газ захираларини 120 млрд куб метрга, нефть захираларини 5 млн тоннага оширишни таъминлаши кўзда тутилган эди. Шунингдек, Epsilon Development Company компанияси (АҚШ) газ захираларини 194 млрд куб метрга, нефть захираларини 9 млн тоннага, Gas Project Development Central Asia ва «Ўзбекнефтгаз» томонидан тузилган NaturalGas-Stream компанияси газ захираларини 11 млрд куб метрга, нефть захираларини 600 минг тоннага ошириши кутилган эди.

Йиғилишда намойиш этилган лавҳаларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» корхоналарига 111 та кон топширилган, бу мавжуд захираларнинг 50 фоизини ташкил этади, яъни 934,1 млрд куб метр газга тенг. Шундан 312,8 млрд куб метр (16,8%) Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, 235,5 млрд куб метр (12,6%) Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси, 195,4 млрд куб метр (10,5%) Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, 187,3 млрд куб метр (10%) Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва 0,4 млрд куб метр (0,2%) Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳиссасига тўғри келади.

«Лукойл» компанияси 413,1 млрд куб метр (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical 109,6 млрд куб метр (5,9%), Surhan Gas Chemical 106,6 млрд куб метр (5,8%), Jizzakh Petroleum 84,9 млрд куб метр (4,5%) газ захираларига эга конларда фаолият юритишади.

Компания
ЗахираларУлуш
Ўзбекистон бўйлаб жами
1 866,9 (млрд куб м)
100%
«Ўзбекнетфгаз»
934,1
50,0%
"Лукойл"
413,1
22,1%
Uz-Kor Gas Chemical
109,6
5,9%
Surhan Gas Chemical
108,6
5,8%
Jizzakh Petroleum
84,9
4,5%
Natural Gas Stream
52,3
2,8%
Epsilon Development Company
50,2
2,70%
Gazli Gas Storage
48,1
2,6%
Gissarneftgaz
40,5
2,6%
Gazprom Uzbekistan
12
0,6%
New Silk Road
11,9
0,6%
Petromaruz
0,491
0,03%

«Газета.uz» олдинроқ хабар берганидек, 2021 йилда Ўзбекистонда 53,8 млрд куб метр газ қазиб чиқариш режалаштирилмоқда. Маълумотга кўра, ишлаб чиқаришнинг катта қисми «Ўзбекнефтгаз» корхоналари (64,3%) ҳисобига тўғри келса, қазиб чиқариш бўйича иккинчи ўринда «Лукойл», учинчи ўринда Uz-Kor Gas Chemical компаниялари бўлади.

Амалдаги ишлаб чиқариш ҳажмида газ захиралари камида 34 йилга етади. Аммо захиралар ошишини ҳисобга олган ҳолда келажакда бу рақамлар каттароқ бўлиши мумкин.

BP ҳисоботидаги мамлакатлар рўйхатида (PDF) табиий газнинг дунё бўйлаб энг катта захиралари Россияда жойлашган — 38 трлн куб метр. Кейинги ўринларда Эрон (32 трлн куб метр) ва Қатар (24,7 трлнк куб метр) давлатлари ўрин олган.