Бугун «Миллий тикланиш» партияси президентлик сайловларига ўз номзодини эълон қилди. Унга кўра, партия раҳбари Алишер Қодиров президентлик сайловларида номзод сифатида илгари сурилади. Унинг номзоди август охирида партия съездида ҳам маъқулланиши керак.

Бугун партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумидан кейин бўлиб ўтган брифингда Алишер Қодиров журналистлар саволига жавоб берди. Унда «Миллий тикланиш» ДП раҳбари бир қатор саволларга жавоб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

У жорий йилдаги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилишини айтиб ўтди. Шунингдек, партия ушбу сайловда ғолиб бўлишни хоҳлаётганини таъкидлади.

«Бизнинг тахминимиз бир нарсада — Ўзбекистон янгиланди ва Ўзбекистонда янги сайловлар бўлади. Биз тарихда кўп кўрганмиз. Лекин ҳозир янги Ўзбекистонда бутунлай янги сайловлар бўлишига ишонамиз. Ушбу сайловларда ягона мақсадамиз — Ўзбекистонга ўз дастурларимизни тақдим этиш ва ягона сайловчи бўлган ўзбек халқини хулосаси ва қарорига бўйсуниш. Ниятимиз — ютиш», — деди Алишер Қодиров.

У сайловларда ютиб, президент бўлган тақдирда биринчи бўлиб қандай ислоҳотни амалга ошириши ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Бу дастуримизда белгиланган. Лекин партия ўзининг шиорларига содиқ қолган ҳолатда таълим ва тарбия соҳасини биринчи ўринда устувор вазифа сифатида ислоҳ қилишни олдига мақсад қилиб қўйган», — дейди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари.

«Аҳолининг қайси қатламларининг овози учун курашмоқчисиз?» деган саволга Алишер Қодиров қуйидагича жавоб берди.

«Бизнинг ишончимиз комил, агарда дастурларимиздаги вазифаларни халқимизнинг барча қатламларига тўғри етказиб бера оладиган бўлсак, жуда кенг қатламни барчасининг ишончига эришишимиз мумкин», — деди у.