6 август куни Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, БМТ бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этди.


Шавкат Мирзиёев Авазада ташкил этилган навбатдаги учрашувида сўзлаган нутқида «умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида бугун минтақа яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини» таъкидлади.

«Бу ерда янги сиёсий муҳитни шакллантиришда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларининг ўрни беқиёс. Олий даражадаги мунтазам учрашувларимиз минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Мазкур Маслаҳат учрашуви Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамларни тақозо этаётгани таъкидланди.

Давлат раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиб, қатор таклифларни илгари сурди.

Учрашув доирасида Марказий Осиё ичидаги савдони кенгайтириш зарурлиги, тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим экани қайд этилди.

Президент матбуот хизмати таъкидлашига кўра, бунинг учун мамлакатлар тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестиция ва иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш лозим.

Шавкат Мирзиёев Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганини айтди.

«Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш минтақа мамлакатларининг умумий стратегик манфаатларига мос келади. Кенг ривожланган ва интеграциялашган транспорт тизими Евроосиё қитъасининг муҳим транзит «хаб"ига айланишга қодир», — дея қўшимча қилди президент.


Шу муносабат билан президент мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан, Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон келажакда «Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» трансафғон йўлаги, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» автомобиль ва темир йўллари имкониятларидан фойдаланиш ниятида эканлиги таъкидлаб ўтилди. Санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим экани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди.

Учрашув доирасида пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги муаммолар ўткир тус олганига эъибор қаратилди. Дунёнинг айрим минтақаларида нархлар ўсиши ва асосий озиқ-овқатларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.

Давлат раҳбари минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, биринчи йиғилиш кун тартибига озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий қилиш масаласини киритиш таклифини билдирди. Бу озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш, шу жумладан, жаҳон бозорига етказиш бўйича аниқ йўналишлар ва қўшма дастурларни белгилаб олишга хизмат қилиши кутилмоқда.


Пандемияга қарши курашишни мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев шу мақсадда тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасидаги тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакология соҳасида илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.

Ўзбекистон раҳбари минтақанинг экологик муаммолари ҳамиша диққат марказида бўлиши кераклиги ва бу борадаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш бўйича барча чораларни кўриш зарурлигини таъкидлади.

Президент мамлакатларнинг иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларнинг яна кенг жорий этилишига хизмат қиладиган «Марказий Осиё учун „яшил“ кун тартиби» минтақавий дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон етакчиси минтақанинг дунёнинг бошқа йирик минтақалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим эканини қайд этди. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича халқаро конференцияни қўллаб-қувватлагани ва делегациялари унда фаол иштирок этгани учун давлат раҳбарларига миннатдорлик билдири.

Умумий саъй-ҳаракатлар билан ушбу масала бўйича БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилиниши, бу жараёнда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳам фаол иштирок этишига ишонч билдирилди.

«Мамлакатларимиз тараққиётида минтақа аҳолисининг аксариятини ташкил этаётган ёшлар муҳим ўрин тутишини барчамиз англаб турибмиз. Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди. Бу мамлакатлар ҳукуматлари ва ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, улар ўртасида интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа шакллантиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиёнинг маданий меросига бағишланган фестиваллар, маданият ва кино кунларини ўтказиш, биргаликда китоблар нашр қилиш муҳим эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари туризм хизматларининг бутун доирасини қамраб оладиган «Бир саёҳат — бутун минтақа» қўшма дастурини амалий рўёбга чиқариш таклифини илгари сурди.

«Бугунги саммит муҳим воқеа — давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу йиллар барчамиз учун қийин давр бўлди. Асосий хулоса шуки, биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ»! — деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор тус бериш, шу мақсадда «халқ дипломатияси», парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан яна кенг фойдаланиш муҳим экани қайд этди.

«Марказий Осиё аёллари мулоқоти янада ривожланаётгани, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришишга қаратилган мулоқотлар кенгайиб бораётганини олқишлаймиз», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқини якунлар экан, давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осиёдаги биродар халқларнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.