Енгил атлетика. Еттикураш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Екатерина Воронина бугун яна учта спорт тури бўйича баҳсларни давом эттирди. У узунликка сакраш секторидаги чиқишида 6.11 метр натижа қайд этиб, ўз гуруҳида учинчи кўрсаткичга эга бўлди. Бу натижа унга 883 очко тақдим қилди.

Екатерина Воронина. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Кейинги баҳсда у найза улоқтириш секторидаги беллашувларда ҳам иштирок этди. Воронина ушбу йўналишда 49.88 метр кўрсаткич билан 858 очко қўлга киритди.

Сўнгги дастурда 800 метрга югуриш баҳсларида Воронина 2 дақиқа 09 сония 73 милисония вақтда масофани босиб ўтди.

Шундай қилиб, 7 та дастур бўйича кураш олиб борган Екатерина Воронина умумий жадвалда 12-ўринни эгаллади ва Олимпия ўйинларидаги иштирокини тугатди.

Енгил атлетиканинг баландликка сакраш секторида иштирок этаётган ўзбекистонлик Светлана Радзивил Токио-2020 билан хайрлашди. У саралаш доирасида 1.93 метр натижадан ўта олмади. 1.90 метр баландликни 3 уринишда забт этган Светлана ўз гуруҳида ўнинчи натижани қайд этди.

Светлана Радзивил. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Яна бир ўзбекистонлик енгил атлетикачи Сафина Садуллаева саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал дастурида иштирок этиш имконини қўлга киритди.

Сафина Садуллаева. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Баландликка сакраш йўналишида Садуллаева 1.95 метр баландликдан ўта олди. Умуман олганда, А ва Б гуруҳларида иштирок этган атлетлардан 14 иштирокчига 1.95 метрдан ўтиш насиб қилди.

Ушбу йўналишнинг финал баҳслари 7 август куни Тошкент вақти билан соат 15:35 да бошланади.

Эркин кураш. Эркин кураш устаси Жавраил Шапиев бронза медали учун ўтиш босқичида швейцариялик Стефан Рейхмут билан курашди. Муросасиз курашда Шапиевнинг қўли баланд келди.


Жавраил Шапиев (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

86 кг вазн тоифасида курашган ўзбекистонлик Жавраил Шапиев Токио-2020 бронза медали учун кураш олиб борди. Ушбу босқичда унга россиялик Артур Найфонов рақиблик қилди.

Муросасиз кечган курашда россиялик полвон ғалаба қозониб, бронза медалига сазовор бўлди. Учрашувда 2:0 ҳисоби қайд этилди.

Яна бир ўзбекистонлик эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев бронза медали учун ўтиш босқичида иштирок этди. 57 кг вазн тоифасида курашган Абдуллаев унда мағлубиятга учради.


Ғуломжон Абдуллаев (оқ кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Бекзод Абдураҳмонов (74 кг) Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини бошлади. Дастлабки даврада ўзбекистонлик курашчи Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомес билан рақобат олиб борди.

Бекзод Абдураҳмонов (кўк кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Абдураҳмоновнинг устунлигида ўтган беллашув якунда унинг муддатидан аввал ғалабаси билан хотима топди.

Чорак финал беллашувида Бекзод Абдураҳмонов россиялик Заурбек Сидаковга қарши баҳс олиб борди. Икки карра жаҳон чемпионига қарши муносиб курашган Абдураҳмонов имкониятни бой бериб қўйди.

Кейинги баҳсларда Заурбек Сидаков финал босқичига чиққани учун Бекзод Абдураҳмоновда бронза медали учун ўтиш босқичида курашиш имконияти пайдо бўлди.

Шу тариқа эртанги дастурда Абдураҳмонов ўтиш босқичида Гвинея-Биссау вакили Мидана Аугисто билан курашади. Абдураҳмонов уни мағлуб эта олса, бронза медали учун Данияр Кайсановга қарши гиламга чиқади.

Шунингдек, эртага бўлиб ўтадиган 97 кг вазн тоифасининг қуръа натижалари ҳам маълум бўлди. Унга кўра, ўзбекистонлик Магомед Ибрагимов дастлабки даврани туркиялик Сулаймон Караденизга қарши ўтказади.

Замонавий бешкураш. Токио-2020 Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар забт этган янги спорт тури замонавий бешкураш бўлди. Бугун ушбу спорт турида саралаш баҳслари бошланди.

Аёллар ўртасида ўтказилаётган мусобақада Алисе Фахрутдинова курашга киришди. Регламентга кўра, дастлаб қиличбозлик бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

Алисе Фахрутдинова (ўнг томонда). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Фахрутдинова 35 жангдан 16 тасидан ғалаба қозонди ва бу унга 196 очко тақдим қилди. Ҳозирча у 22-поғонада кетмоқда.

Яна бир ўзбекистонлик бешкурашчи Александр Савкин қиличбозлик баҳсларида 35 та жанг ўтказди. Уларнинг 7 тасида ғалаба, 28 тасида мағлубият қайд этилди. Савчин 36 нафар спортчи ичида 36-ўринни эгаллаб турибди.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон иккита олтин ва битта бронза медали билан мусобақа жадвалининг 32-поғонасини эгаллаб турибди.