3 август куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев келгуси ҳафтада бизнес вакиллари билан «очиқ мулоқот» ўтказишини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Ким тизимдаги муаммоларни билади? Бошидан ўтказган билади. Банк нима қилаяпти, солиқ нима қилаяпти… Мен уларни таклифини тинглашни хоҳлайман. Улар нимани хоҳлаяпти, уларни фаолиятига нима тўсқинлик қилаяпти? Шу саволларга жавоб топсак, уларни ҳал қилсак, ана шундагина одамларни рози қила оламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунга қадар республика Штабига тадбиркорлардан 10 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди:

  • Тошкент шаҳридан — 1150 та
  • Тошкент вилояти — 950 та
  • Қашқадарё — 930 та
  • Сурхондарё — 920 та
  • Самарқанд — 900 та
  • Андижон — 880 та
  • Наманган — 850 та
  • Фарғона — 820 та
  • Бухоро — 740 та
  • Хоразм — 680 та
  • Жиззах — 560 та
  • Сирдарё — 470 та
  • Навоий — 345 та
  • Қорақалпоғистондан — 420 та

Уларда кўтарилган масалаларнинг 8 мингдан ортиғи ёки 86 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб (кредит ва субсиядия ажратиш, бўш биноларни ижарага олиш, инфратузилмага уланиш, солиқ қарздорлиги, хусусий мулк ҳимояси), ҳозирги кунгача уларнинг ярми жойларда ҳал этилди.

Қорақалпоғистон — 41 фоиз, Андижон — 32 фоиз, Бухорода — 36 фоиз, Жиззахда — 36 фоиз, Қашқадарё — 34 фоиз, Навоий — 33 фоиз, Наманган — 33 фоиз, Самарқанд — 32 фоиз, Сурхондарё — 41 фоиз, Сирдарё — 37 фоиз, Тошкент — 32 фоиз, Фарғона — 39 фоиз, Хоразм — 35 фоиз ва Тошкент шаҳрида — 21 фоиз мурожаатлар ҳал қилинган.

«Шундай бўлсада, «Колл марказлар»га кунига 1 мингтагача мурожаат келиб тушмоқда. Шу сабабли, тадбиркорларни қийнаётган масалалар бўйича қамровни янада кенгайтириш мақсадида, мурожаатларни қабул қилиш 10 августга қадар давом этади», — деди президент.

Шунингдек, 31 та вазирлик ва идора раҳбарлари ўринбосарлари ҳокимлар билан бирга, мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этишга шахсан масъул бўлиши таъкидланди.

«Ҳеч бир мурожаат ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги, Бош вазир виртуал қабулхонасида электрон рўйхатга олиниши ва назорат қилиниши керак», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов мурожаат кўплиги боис уларни қабул қилиш муддати 5 августгача узайтирилишини маълум қилган эди.