30 июль куни Бухородаги «Абдуллахон» мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилди.

Ҳозирда мазкур ҳодиса кўп йиллик «техноген жараёнлар» — иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши таъсирида содир бўлганлиги айтилмоқда.

Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллари жалб қилиниб, мадраса деворини қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди.

Шу билан бирга, Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40 та маданий мерос объектини умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахасислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида Ҳукуматга аниқ таклифлар юборилди.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.