1 август куни соат 10:40 ларда Жиззах вилояти ФВБга Зомин тумани «Дуоба» ҚФЙ Ўриклисой қишлоғи ҳудудидаги дала майдонида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида маълумот келиб тушди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда ёнғин акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Ёнғин жойига 4 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси ҳамда 24 нафар шахсий таркиб чиқиб кетган.

Шунингдек, ёнғин ҳудудининг кенгайиб кетишининг олдини олиш ва уни бутунлай ўчириш учун ФВВдан яна қўшимча 350 дан ортиқ шахсий таркиби, Мудофаа вазирлигидан 4 та вертолёт шунингдек, Миллий гвардия, Ички ишлар, Давлат экология қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари жалб этилди.

«Ҳодиса тафсилотлари тўғрисида қўшимча маълумот берилади», — дейилади хабарда.