Ижтимоий тармоқларда италиялик дизайнер Стефано Риччи Ўзбекистон учун коллекция яратгани ҳақида хабарлар тарқалди. Риччи томонидан яратилган оёқ кийимларида Ўзбекистон герби ва байроғи тасвирланган.

Бу ассортиментга қуйидагилар киради: футболкалар, жинси шимлар, кепкалар, спорт костюмлари. Тошкентдаги Glamour дўконининг сайтида кўрсатилган нархларга кўра, эмблемали оқ кроссовкалар 18 млн сўмга нархланган. Бошқа бир турдаги оёқ кийим эса 24 млн сўм этиб кўрсатилган.

Фото: glamourboutique.uz

Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат «Ўзбекистоннинг давлат рамзлари — байроқ ва гербга нисбатан ҳурматсизлик» ҳисобланади.

Маълумотга кўра, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Тошкент шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат муассасаларида давлат рамзларидан фойдаланишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган.

Ўрганиш давомида 363 та ҳолатда «Давлат герби тўғрисида"ги қонуни талаблари бузилганлиги аниқланган.

Шунга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган шаҳар ҳамда туман миқёсидаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 103 та тақдимнома ҳамда 70 та қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳнома, шунингдек Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига 49 та маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар юборилган.

Натижада 55 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 18 та ҳуқуқбузар маъмурий равишда огоҳлантирилган, 9 нафар мансабдор шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилган.

Маълумот учун, турли онлайн дўконларда бошқа давлат байроқлари акс этган пойабзал суратларини кўриш мумкин (АҚШ, Канада, Буюк Британия).

Фото: amazon.com

Фото: amazon.com

Фото: etsy.com