28 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйини бориб кўрди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, мазкур муассасада 122 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Уларнинг 47 нафари етим, 75 нафари ижтимоий етим болалар. Таълим масканида малакали ўқитувчилар, психолог, логопед, дефектологлар фаолият юритмоқда. Робототехника, ментал арифметика, сартарошлик, пазандалик, тикувчилик тўгараклари ташкил этилган.


Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, болаларнинг машғулотларини кўздан кечирди.

«Бугун келишимиздан мақсад сизлар билан кўришиб, сизларнинг тимсолингизда барча тарбияланувчилар учун шароитларни бундан-да яхшилаш, иложи борича, оиладагидек муҳит, тарбия ташкил қилиш. Ҳамма билан тенг бўлиб таълим-тарбия олишингиз, олийгоҳларда ўқиб, касб эгаллашингиз, уй ва иш билан таъминланиб, ҳаётда муносиб ўрин топишингиз учун имкониятлар яратамиз. Шуни билингларки, сизларнинг ота-онангиз, ватанингиз бор. Давлат сизларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмайди», — деди президент.

«Меҳрибонлик уйида шароитлар яхши. Лекин болалар билан якка тартибда ишлаш, уларни касбга йўналтириш талаб даражасида эмас. Тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаёти, олий маълумот олиши ва бандлигига кўмаклашувчи масъул идора йўқ», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, президент барча меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.


«Бу муассасаларнинг моддий ҳомийси бор, маънавий ҳомий керак. Бу ҳам савоб, ҳам керакли иш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда 16 та меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси бор. Уларда 1 минг 823 нафар ўғил-қиз яшаб, ўқимоқда. 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда. Ушбу муассасалар, синов тариқасида, Миллий гвардия масъуллигига ўтказилиши белгиланди.