16 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлади.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, давлат раҳбари Афғонистон можароси мазкур анжуманни ўтказишнинг асосий омилларидан бири эканлигини қайд этган.

«Афғонистон Ислом Республикаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини амалда таъминлашнинг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Ишонамизки, минтақавий шериклигимиз ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, унинг иқтисодий тикланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бугун Афғонистон ўзининг энг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда», — деди президент.

У сўзида давом этар экан, донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига ишонч билдирди.

«Афғон заминида кўпдан буён кутилаётган тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши принципиал муҳим аҳамиятга эга. Бу Афғонистоннинг умумминтақавий жараёнларга интеграцияси учун янги истиқболлар эшигини очади», — деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, хавфсизлик ва барқарорлик — Марказий ва Жанубий Осиёнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқалар мустаҳкамланишининг асосий шарти эканлигини таъкидлади. «Бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкин», — деди у.