Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов «Газета.uz»га берган интервьюсида дарсликларни ёзишда ўқувчидан «универсал одам» яратиш мақсад қилинмаслиги, ўқитувчиларга эса стандартларда белгиланган мақсадларга эришишда мустақиллик берилиши кераклиги, шунингдек, Миллий ўқув дастурининг мақсади ва режалари, дарсликлар яратишдаги қийинчиликлар ҳақида гапирди.

— Республика таълим марказининг охирги бир йилда амалга оширган энг катта лойиҳаси — барча фанлардан Миллий ўқув дастурлари яратилиши бўлди. Миллий ўқув дастурлари яратишнинг зарурати нимада эди? Миллий ўқув дастури амалдаги давлат таълим стандартидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?

— Биринчи навбатда «Миллий ўқув дастури ўзи нима?» деган саволга жавоб берадиган бўлсак, Миллий ўқув дастури — биз хоҳлаётган мактаб битирувчиси қиёфасини аниқ-тиниқ чизиб берувчи ҳужжат. Стандартлар қанчалик аниқ бўлса, ўқитувчининг дарс бериши шунчалик осон бўлади. Стандартларни компас сифатида олишимиз мумкин, ўқитувчи эса шу компасга қараб ҳаракат қилади.

Яқинда Жаҳон банки ўтказган таълим бўйича форумда Польшалик мутахассисларнинг таъкидлашича, уларнинг давлатларидаги таълим ислоҳотларининг муваффақиятини таъминлаган омиллардан бири қайси фан нимага хизмат қилиши ва қайси кўникмаларни ривожлантириши кераклигининг аниқ белгиланганлиги бўлган. (Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилоти (OECD) таҳлилига кўра, Польшада 1999 йилги таълим ислоҳотлари мамлакатнинг PISA тадқиқотларида кўрсаткичлари яхшиланишига олиб келган — таҳр.) Биз ҳозир мана шу жараённи амалга оширяпмиз, яъни ҳар бир фан ривожлантириши керак бўлган кўникмаларни белгилаб беряпмиз. Шу пайтгача фақат битирувчи синфлар (4, 9, 11) учун талаблар белгиланган, лекин ҳар бир синф кесимида ўқувчиларда ривожланиши керак бўлган кўникмалар белгиланмаган эди.

Иккинчи жиҳат — мақсадни белгилаб олгандан кейин, шу мақсадга эришиш учун нимани ўқитишимиз керак? Биз шу пайтгача эскирган, даврини яшаб бўлган контентни ҳам ўқитиб келдик. Мавзуларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳам яна бир муаммо эди. Миллий ўқув дастурида назарий мавзулар қисқартирилиб, кўпроқ амалий жиҳатига эътибор бердик. Ҳозир миллий ўқув дастурида амалий мавзулар ҳажми 20%дан 60%гача ошди. Кўпроқ болани ҳаётга тайёрлайдиган, ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қиладиган мавзулар олиб қолинди.

Мавзуларни танлашда биз ўқувчиларнинг қизиқишларини ҳисобга олдик. Мавзуларда фанлараро интеграцияни, фанларнинг ўзаро уйғунлигини ҳам ҳисобга олдик. Фанлараро интеграция ҳисобига айрим фанларни бирлаштириш имкони ҳам пайдо бўлди. Масалан, 1−6 синфларда битта «табиий фанлар» пайдо бўлди, бунинг ичида физика ҳам, кимё, биология, география ҳам бор.


Миллий ўқув дастурининг олдинги стандартдан фарқи — XXI асрда ўқувчи муваффақиятга эришиши учун керак бўлган асосий компетенцияларни ривожлантиришни мақсад қилиб олдик. Булар — танқидий фикрлаш, ижодий фикрлаш, коммуникативлик (мулоқотга киришиш), ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш ва фаол фуқаролик. Бизга қандай авлод керак? Бизга илғор фикрлайдиган, қатъиятли, ўз мақсади сари ҳаракат қиладиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, муаммони ижобий ечадиган шахслар керак. Бундай шахслар иқтисодиётни ривожлантира олади, жамиятни бошқара олади, ҳаётимизни ўзгартира олади. Миллий ўқув дастурига XXI аср кўникмаларини сингдириш орқали шундай шахсларни тарбиялашга ҳаракат қиламиз.

2017 йилги таълим стандартларидан яна битта катта фарқ — олдинги стандарт чизиқли дастурга асосланган бўлса, миллий ўқув дастурида спиралсимон дастурни кўрамиз. Чизиқли дастурда ўқувчи бир мавзуни ўтгандан кейин бу мавзуга бошқа қайтилмайди. Спиралсимон дастурда эса ўқувчилар олдин ўрганган тушунчаларига қайтиб, уни чуқурлаштиришади ва унинг асосида янги кўникмаларни шакллантиришади.

Яна бир муҳим жиҳати — агар 2017 йилда тасдиқланган давлат таълим стандартлари учта компонентдан иборат бўлса, миллий ўқув дастурида яна учта компонент қўшилди. Янги қўшилган компонентлар — фанни ўқитиш концепцияси, методология ва баҳолаш.

Методика қандай ўзгарди? 2017 йилги стандартлар кўпроқ ёд олишга асосланган эди. Маъруза методи устун эди, яъни ўқитувчи гапиради, ўқувчи тинглайди. 11 йил тинглаб ўрганган ўқувчи 12-йилда ҳам кимнидир тинглагиси келади. Унда қарор қабул қилиш кўникмаси ривожланмаган бўлади. Натижада бу ўқувчи ҳаётда мустақил ҳаракат қила олмайди. Миллий ўқув дастурида шуни ўзгартиришга ҳаракат қилдик.

Масалан, Финляндия тажрибасида «феноменал таълим» деган тушунча мавжуд. Бу — ён-атрофда содир бўлаётган, бола эшитаётган, кўриб турган воқеа-ҳодисалар асосида ўқитиш. Хориж тажрибасида «Inquiry-based learning» (ўқувчилар олдига муаммолар қўйилиши ва ўқувчилар бу муаммоларни ҳал қилиш жараёнида ўрганишларига асосланган таълим — таҳр.) тушунчаси ҳам мавжуд. Миллий ўқув дастурида ўқувчиларда айнан ён-атрофда бўлаётган воқеаларни кузатиш, саволлар қўйиш ва саволларга жавоб излаш орқали ўрганиш методикасини сингдиришга ҳаракат қилдик.

Лойиҳалар асосида ўқитишни таклиф қиляпмиз. Ўқувчилар ниманидир бажариб кўришсин, ясаб кўришсин. Лойиҳалар устида ишлаётганда ўқувчилар жамоа бўлиб ишлашни ўрганишади. Жамоа билан ишлашда эса яхши бир лидер, менежер, яхши суҳбатдош, яхши журналист, яхши рассом пайдо бўлиши мумкин. Бундай кўникмалар ўқувчида 1-синфдан ривожланиб борса, келгусида уни касбга йўналтириш осон бўлади.

Масалан, табиий фанларда «STEM машғулотлари» деб аталган машғулотларни киритдик. Бу машғулотлар бир неча фанларни қамраб олади. Улар ўқувчида дунёни яхлит англашга ёрдам беради. Масалан, «сув» мавзусида ўқувчи сувни география, биология, физика нуқтайи назардан ўрганади.

— Миллий ўқув дастури асосида 1−2-синфлар учун дарсликлар яратилди. Олдин яратилган, ҳозир амалда бўлган дарсликлар билан янги яратилаётган дарсликларнинг фарқи нимада?

— Шу пайтгача аксарият дарсликлар олимлар томонидан ёзилган. Дарсликлар мураккаб ёзилган, ўқувчининг руҳий ва жисмоний ривожланиши ҳисобга олинмаган. Мактабни «фанлар академияси»га айлантириб ташладик. Универсал одам яратмоқчи бўлдик, лекин биз ўқитган авлоднинг аксарияти «палағда» бўлиб чиқди. Биз йўқотган авлод, хорижда юрган мигрантлар аксарияти — нотўғри таълимнинг қурбонлари.

Шуни ҳисобга олиб, олдингидай фақат иккита-учта олим бир бўлиб ёзган дарслик ёзиш эмас, бу олимларнинг ёнига ўқитувчиларни ҳам қўйяпмиз. Ҳар бир мавзу ёзилганида, ўқитувчилар уни бориб синфларда тажриба ўтказишди. Энди дарсликлар кабинетларда ўтириб, мактабни ҳеч қачон кўрмаганлар томонидан яратилмайди.

Бир муаллиф яқинда «Ҳаққинг йўқ мени муаллифликдан чиқаришга, чунки бу фанга мен асос солганман» деди. Савол бердим: «Қачон охирги марта мактабга боргансиз?» Ўзлари ҳам эслолмадилар. Дарслик ёзиш жараёнида албатта ўқувчига дарс берадиган мутахассис — ўқитувчи қатнашиши керак.

Стандартлар, дастурлар ва дарсликлар ёзишдан олдин биз муаллифларни халқаро экспертлар ёрдамида қайта-қайта ўқитдик. Мана шу жараёнда муаллифлар саралаб олинди. Мисол сифатида айтишим мумкин, бир фанда шундай ҳолат бўлди. Эски авлод муаллифлари билан лойиҳа доирасида шартнома қилдик. Шартнома муддати ўтиб кетса ҳам улар стандартларни ёзиб беришмади. Кейин бу жамоа бизга яна эски нарсани олиб келиб беришди. Шунда бошқа жамоани, ёшлар жамоасини жалб қилишга мажбур бўлдик. Ёшлар жамоаси ишлашга рози бўлди, лекин бир муддат ўтгандан кейин рад қилишди. Маълум бўлдики, эски жамоа янги жамоанинг илмий раҳбарларига чиқиб, босим ўтказишган.

Очиқ жанг бўлган ҳолатлар ҳам бўлди. Масалан, математика фанида ёши катта муаллифлар айтишдики, «биз Ал-Хоразмий, Ал-Берунийлар авлодимиз, қандай қилиб математикани осонлаштирамиз?» Бизнинг қарашимиз бўйича, янги математика дарсликлари содда, ҳаётий, амалий бўлиши керак эди. Ёши катта математиклар эса соддалаштиришга қарши бўлишди.

Халқаро ҳамкорларимизнинг айтишича, 2000 йиллар бошида АҚШда ҳам шундай жараён бўлган. Математикани ҳаётга яқинлаштиришда «Нега математикани соддалаштирдинглар?» деб норозиликлар бўлган. Аслида бу соддалаштириш математикани тушунишга хизмат қилган.


Янги тайёрланган 1-синф «Математика» дарслиги

Бу каби мисолларни ҳар бир фанда кўриш мумкин. «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанида (миллий ўқув дастурида бошланғич синфларда она тили ва ўқиш битта фанга бирлаштирилган) грамматик қоидаларга эмас, нутқий кўникмаларни ривожлантиришга урғу бердик. Буни аксарият ёши катта олимлар ҳазм қилишга қийналишди. Бизда кўпроқ илмий ишлар грамматика йўналишида қилинган, нутқ кўникмаларига эътибор қаратилмаган.


Янги тайёрланган 1-синф «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслиги (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун)

— Дарсликлар ёзишга янги жамоаларни жалб қилган экансиз, олдинги дарсликлар муаллифларининг бунга муносабати қандай бўлди? Қаршиликлар бўлмадими?

— Янги авлод ва эски авлод ўртасидаги фарқ, фикрлар қарама-қаршилиги ҳар доим бўлган. Эски авлод ўз тамойилларини сақлаб қолишга, янги авлод ўз қарашларини олиб киришга ҳаракат қилади. Ёшларнинг таклифларини деярли барча ҳолларда эски авлод вакиллари рад қилишди. Шунинг учун ҳам дарсликларни тайёрлашда янгилик тарафдори бўлган, ўз устида ишлашдан қўрқмайдиган муаллифларни олиб қолиб, бошқалардан воз кечишга мажбур бўлдик.

Айрим ёши катта муаллифларни дарслик ёзишга жалб қилмаганимиз учун тазйиқлар, қўнғироқлар ҳам бўлди, ўртага одамларни қўйишди. Лекин бундай муаллифларни жамоага қўшишнинг битта катта хавфи — яна эскича дарсликларнинг яратилиши, жамоада зиддиятнинг кучайиши эди. Кимларгадир қачондир имконият берилган, бугун биз бунинг натижасини кўриб турибмиз. Энди янги муаллифларга ҳам имконият бериб кўришимиз керак. Шундагина рақобат пайдо бўлади.

Иш жараёнида шунинг гувоҳи бўлдимки, аксарият муаллифлар бизнинг фикрларимизни тан олишмайди. Дарсликлар ёзиш жараёнида шундай ҳолатлар бўлдики, методистлар ва ўқитувчиларнинг фикрлари, таклифлари кўп маротаба асоссиз рад қилинди. Бу каби муаллифларга сабоқ бўлиши учун, улар ягона эмасликларини, уларга рақобат борлигини кўрсатиш учун ҳам янги муаллифларни жалб қилиш керак. Шунда олдинги авлод муаллифлари ҳам ўз устида ишлашади.

— Сизнинг фикрингизча, дарслик керакми ва у ягона бўлиши керакми?

— Ҳудудларда юриб, шуни кўрдимки, ўқитувчилар дарсликларга суяниб қолишган. Ўқитувчиларда академик мустақиллик йўқ, яъни уларнинг аксарияти стандартлар асосида ишлаш нималигини билмайди. Ўқитувчи қайси синфда нималарни ривожлантириш кераклигини билмайди, чунки уларга ҳар бир синф учун аниқ талабларни белгилаб берадиган стандартлар берилмаган. Шунинг учун дарслик ўқитувчи учун стандарт бўлиб қолган.

Сурхондарё вилоятига борганимда, ўқитувчилар сўрашди: «Нега „Тарбия“ дарсликларида қоидалар йўқ? Биз ўқувчиларга нимани ёдлатишимиз керак?»

Шундай мамлакатлар борки, уларда дарсликлар йўқ. Лекин сифатли таълим бор. Биз ўқитувчиларни дарсликка қарамликдан халос қилишимиз керак. Ўшандагина таълимда жуда катта ўзгариш содир бўлади.

Ягона дарслик бўлиши керак эмас. Хусусий мактабларга борсак, улар ҳар хил дарсликлардан фойдаланаётганини кўришимиз мумкин. Биз бораётган манзил — кўп дарсликларнинг бўлиши. Мисол учун, ҳозир бир вақтнинг ўзида иккита жамоа томонидан она тили, математика, инглиз тили ва информатика дарсликлари яратиляпти. Битта фандан ҳар хил дарслик. Республика таълим маркази муаллифлари томонидан шу фанлар бўйича бир дарслик, бошқа гуруҳ маҳаллий экспертлар томонидан эса бошқа бир дарслик яратилмоқда. Иккинчи лойиҳани USAID молиялаштирмоқда ва RTI институти амалга оширмоқда. Кейинги йил айрим фанларда ўқитувчиларга қайси дарсликлардан фойдаланишни танлаш имкониятини бермоқчимиз.

Инглиз тили ва информатикадан Кембриж дарсликларини маҳаллийлаштиряпмиз, яъни ўзимизда нашр этиш учун тайёрлаймиз. Информатика дарсликлари таржима қилиняпти.

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин: нимага бугун рақобатга йўл қўйилмади (дарслик яратиш учун нашриётларга танлов эълон қилинмади)? Бунинг биринчи энг катта сабаби — муаллифлар масаласи, яъни муаллифлар мактаби йўқлиги. Кўп дарсликлар муаллифлари оламдан ўтган ва дарсликлар [муаллифлик ҳуқуқи] уларнинг фарзандларига қолган, улар эса дарсликларни ўзгартиришга қарши. Шунингдек, кўп муаллифлар кексайиб қолган ва улар янгиликларни, янги ёндашувларни қабул қила олмайди. Ёш олимлар, ёш тадқиқотчилар бор, улар эса деярли ҳеч қачон дарслик ёзиб кўрмаган.

Иккинчи энг катта сабаб — нашриётлар салоҳияти. Нашриётларда ҳам дарсликлар тайёрлаш менежменти тизими йўқ. Нашриётлар ким билан ишлашни билишмайди.

Биз ҳозирги вазиятда танлов эълон қилганимизда ҳам эски дарсликларнинг келиш эҳтимоли юқори бўларди.

Биз ёш олимлар, тадқиқотчилар билан бирлашиб, «замонавий дарслик ўзи нима?» деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Бу жараёнга маҳаллий экспертларни, амалиётчи ўқитувчиларни ва халқаро экспертларни жалб қиламиз. Мана шу уч томон бир бўлиб, «замонавий дарслик ўзи нима?» деган саволга жавоб қидириб кўрайлик, замонавий дарсликни яратиб кўрайлик. Шу жараёнда салоҳият пайдо бўлади, биз муаллифлар мактабини шакллантириб оламиз ва кимнинг нимага қодирлигини билиб оламиз. Кейинги режаларимиз эса уларнинг ўзини очиқ рақобат майдонига қўйиб юбориш. Нашриётлар уларга чиқиши мумкин, улар билан ҳамкорлик қилиб ўз дарсликларини яратиши мумкин ва рақобат муҳити шаклланиши мумкин.

— Яқинда ўзбек тилининг таълим рус ва бошқа тилларда олиб борилаётган мактабларда хорижий тил методикаси асосида ўқитилиши ижтимоий тармоқларда шов-шув қилинди. Кўп ҳолларда таълим рус тилида олиб бориладиган мактаб битирувчилари ўзбек тилида гапира олмайди. Ўзбек тили бўйича янги дарсликлар бошқа миллат вакилларига ўзбек тилини ўргата оладиган дарслик бўладими?

— Ўзбек тили бўйича миллий ўқув дастурини ишлаб чиқишда CEFR (Тилларни эгаллашнинг Умумевропа компетенциялари — таҳр.) асос қилиб олинди. Бунинг энг катта ютуғи — ўқувчининг ёш хусусиятлари ҳисобга олиниб, малака талаблари ишлаб чиқилди. Ҳар бир синф учун бола нечта сўзни билиши керак, қандай лингвистик билимларга эга бўлиши керак — аниқлаб берилди. Шу малака талаблари асосида дастур ишлаб чиқилди, бу дастур асосида дарслик тайёрланмоқда.

Ҳозирги дарсликларни кўрсак, биринчи дарслардан қийин-қийин шеърлар, қийин сўзларни бериб қўйишган. Уларни бошқа миллат вакиллари тугул, ўзбек болалари ҳам тушунишда қийналишади. Мураккаб сўзлар, мураккаб шеърлар, мураккаб гапларнинг берилиши натижасида ўқувчида фанга нисбатан иштиёқ сусайиб боради. Янги дарсликда кўпроқ бадиий матнларга эмас, нутқий вазиятларга, диалогларга эътибор бердик. Янги дарсликни ёзган жамоа ичида амалиётчи ўқитувчилар бор, улар муаммони билишади.


Амалдаги (юқорида) ва янги тайёрланган (пастда) 2-синф ўзбек тили дарсликлари (таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

— Таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун рус тили дарсликлари Россия билан ҳамкорликда яратилди. Бу эса «Россия давлати ўз мафкурасини, ўз манфаатларини сингдиришига сабаб бўлмайдими?» деган хавотирлар янграшига сабаб бўлди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

— Лойиҳа доирасида дарсликлар Ўзбекистонда тайёрланяпти ва муаллифлар ҳам Ўзбекистонлик муаллифлар. Россиялик ҳамкорлар — Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети методик жиҳатдан ёрдам беришяпти. Дарсликлар рус тилини хорижий тил сифатида ўқитиш методикасига асосланади.

Тил ўқитишда биз тил эгалари билан ҳамкорлик қилишимиз керак. Масалан, инглиз тили дарсликларини яратишда Кембриж университети билан ҳамкорлик қиляпмиз. Тўғри, хорижий тил дарсликларида тили ўрганилаётган мамлакатлар, уларнинг маданияти ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Ҳозирги таълимда шундай компетенция бор — маданиятлараро мулоқот компетенцияси, бағрикенглик, бошқа миллатлар ва маданиятларни ҳурмат қилиш.

Тилни ўрганишнинг ўзи етарли эмас. Мисол учун, тилни ўрганиб, бир мамлакатга тушсангиз, у ердаги анъаналарни тушунмасангиз, уларга ҳурматсизлик қилсангиз, бу — таълимнинг хатоси. Дарсликларда тили ўрганилаётган мамлакатлар ҳақида, уларнинг тарихи, маданияти ҳақида маълумотлар бўлиши мумкин. Бу дегани — мафкурани (идеологияни) сингдиряпти дегани эмас.

Бизда тил ўқитиш методикаси 1950−60 йиллар даражасида қолиб кетган. Сир эмас, аксар юртдошларимиз фарзандларини рус тилини ўргансин, деб рус синфларига беришни хоҳлашади. Лекин ўзбек синфларида ўқиб туриб ҳам рус тилини ўрганиш мумкин-ку? Афсуски, ўзбек синфлари учун ёзилган рус тили дарсликлари биринчи тил (она тили) методикасига асосланган, кўпроқ грамматикани ўргатишга қаратилган.


Янги тайёрланган 2-синф рус тили дарслиги (таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

— Яқинда айрим сайтлар тарих, биология дарсликларида эволюцион таълимотнинг сингдирилганлиги ҳақида ёзишди ва «мактабларимизда одам маймундан тарқалган деб ўргатилмоқда» деган фикр билдиришди. Айрим олимлар бунга ўз муносабатларини ҳам билдиришди. Дарслик ёзилаётганда бу дарсликка қандай контент кириши керак ва қандай контент кириши керак эмас? Шуни ким белгилайди ва бунда нималар ҳисобга олинади?

— Дарслик учун мавзулар стандартлар ва ўқув дастурлари асосида танланади. Бу мавзуларни белгилайдиган йўриқномалар ёки чекловлар йўқ. Дарсликда қайси мавзулар, қандай акс этиши ўқитувчи ва муаллиф ўртасидаги ҳамкорликда туғилади. Бундан ташқари, ҳар бир фан йўналишида илмий тадқиқот институтлари бор, улар билан ҳамкорликда тайёрланади. Бунда халқаро тажриба ҳисобга олиниши, ўрганилиши мумкин, миллий қадриятлар ва анъаналарга ҳам диққат қилинади.