Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходими 80 ёшли отахонни ниқоб тақмагани учун куч ишлатиб ИИО ФМБга олиб кетмоқчи бўлгани ҳақида видео лавҳалар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИББ ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 8 июль куни соат тахминан 10:40 ларда Шайхонтоҳур туманида яшовчи 49 ёшли Дилмурод М. 102 рақамига қўнғироқ қилиб, отаси — 86 ёшли Абдуфаттоҳ М. маст ҳолатда уйда жанжал кўтараётганини маълум қилиб, ёрдам сўраган.

Ҳодиса жойига етиб келган Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори майор Улуғбек Яхшибоев 86 ёшли Абдуфаттох М.ни ИИБга олиб бориб ҳолатни батафсил ўрганмоқчи бўлган.

Шу ҳолатда жанжалга қўшнилар аралашишган. Вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаган (хусусан, ўз ўғли уй ичидаги жанжал ҳақида ички ишларга мурожаат қилганлиги юзасидан) қўшнилар нотўғри хулоса чиқариб, инспекторнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилишган ва профилактика инспектори билан жанжал қилишган, дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилиш учун текширув ўтказилмоқда.

«Профилактика инспекторига нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви тайинлаган. Унинг ҳаракатлари ўрнатилган тартиб қоидаларга мослиги тўлиқ ўрганилиб, қонуний баҳо берилади», — дейилади хабарда.