«Портретга чизгилар. Лидер» ҳужжатли фильмида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан чегарани шакллантириш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Видео 1 июль куни Хабар NEWS YouTube-каналида эълон қилинди.Фото: Хабар NEWS

«Ўзбекистон билан чегаралар мана бундай бўлган», — дея тушунтирди Нурсултон Назарбоев бармоғи билан тўлқинли чизиқ чизиб. — Баъзи жойларда чегара уйнинг ўртасидан ўтиб кетар, ётоқхона Ўзбекистон томонида, ошхона эса Қозоғистон томонида қоларди. Ёки қозоқлар яшайдиган бутун қишлоқ Ўзбекистонда жойлашган, аммо улар Ўзбекистонда бўлишни хоҳлашади. Ёки у ерда ўзбеклар бор эди. Аммо аксарият ҳолатларда қозоқлар Қозоғистонда бўлишни хоҳлаган".

Унинг сўзларига кўра, у Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ҳудудларни алмаштиришни таклиф қилди.

«Келинглар, бундай қилайлик, дейман, — дейди Қозоғистоннинг биринчи президенти бармоғи билан ёй шаклини чизиб, — Ва биз бошқа жойдан шунча ҳудудни сизга берамиз. Биз поймол қилмаймиз, сиз ҳеч нарса йўқотмадик, деб айта оласиз. Мана шундай қилиб биз шундай муаммоларни ҳал қилганмиз», — деди у.

Фото: Хабар NEWS.

Нурсултон Назарбоев 1996 йилда қурилган Чордара сув омбори бўйича музокаралар тафсилотларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Совет Иттифоқи қулаганда, харитага қарасангиз, жанубий Қозоғистонда Мақтарал вилояти Ўзбекистон ҳудудига жуда аниқ кириб борган. Бизнинг Чордара сув омбори бор, лекин сув омборининг иншооти, тўғоннинг ўзи Ўзбекистонники эди. Мен қандай қилиб бундай бўлишини айтаман. Келинг, муаммони ҳал қилайлик. Бу „жанжал тоши“ (қадимги юнон афсоналарида Троя урушининг келиб чиқишига сабаб бўлган олтин олмага ишора — таҳр.) бўлади. Бизда сув омбори бор, сувнинг ҳамма ричаги сизда. Келишдик. Яхши, биз мана бу жойни тўғон эвазига сизга берамиз. Қизилўрда вилоятида бизга тегишли бўлган ҳудудни бердик. Ва бу жуда қийин ўтди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ислом Каримов билан келишиш жуда қийин бўлган.

«Айтиш ноқулай, у энди бу ёруғ дунёда йўқ, менинг эски дўстим Ислом Каримов, мана, унинг ҳар доим ўз қараши бўлган. У билан келишиш жуда қийин бўлган. Ҳамма нарсага нисбатан ўз фикрини айтган. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, бир сафар менга қўнғироқ қилиб, деди: „Олдингга бормоқчиман“. Мен: „Эшит, кун тартибини тайёрлаш керак, нима ҳақда гаплашамиз, тайёргарлик кўриш керак“, — дедим. „Ҳеч қандай кун тартиби йўқ, шунчаки, сен билан кўришишим керак, бўлди“, — деди. У билан учрашдим. Умуман, қалби жуда юмшоқ ва яхши инсон эди, бироқ шундай феълли. У келди, кечқурун ўтирдик, кундузи суҳбатлашдик, масалаларни муҳокама қилдик. Ўшанда жуда қизиқарли ҳолатлар бўлганди», — дея хотираларини ўртоқлашди Қозоғистоннинг биринчи президенти.

Нурсултон Назарбоев мамлакатни қарийб 30 йил бошқариб, 2019 йилнинг 19 март куни ваколатини топширганини эълон қилди. Республикага Қосим-Жомарт Токаев янги президент бўлди. 6 июль куни Назарбоев 81 ёшни қаршилади.