3 июль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ОАВ вакиллари билан учрашиб, уларни 27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабатини билан табриклади.

Унинг сўзларига кўра, давлатнинг олдида турган энг асосий вазифалардан бири — ОАВ вакилларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларига батамом чек қўйишдан иборат.

Шу ўринда, Сенат раиси Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида билдирилган таклифни ёдга олди. Унда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат идоралари ва ташкилотларининг мансабдорлари томонидан ОАВлар ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни ғайриқонуний равишда олиб қўйиш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаларни кучайтириш лозимлиги қайд этилган эди.

«Ҳозир биз буни [ҳужжат лойиҳаси] устида иш бошладик. Сизларнинг (ОАВлар назарда тутилмоқда — таҳр.) фаолиятингизга аралашишга, сизларга кўрсатма, йўналиш беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мен ҳар доим давлатни вазифаси биринчи навбатда шарт-шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш дейман. Лекин, ОАВларни ишига аралашиб, уларга бунақа ёз, унақа ёз, у нотўғри, бу тўғри дейиш давлатнинг иши эмас. Чунки, сўз эркинлиги, ошкоралик бизни ҳаётимизда танлаб олган асосий тамойилларимиздан бири», — деди Танзила Нарбаева.


У ОАВ вакилларини табриклар экан, Ўзбекистон журналистикасини бутун дунёга танитишда омад тилаб, эсдалик совғаларини топширди. «Биз ҳар доим сизларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни билдираман», — деди у.