Пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселекторда давлат активларини хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларга тўхтаб ўтилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, жорий ва келгуси йилда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

«Бу борадаги ишлар ўз самарасини бериб, жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1,1 трлн сўмга сотилди», — дейилади хабарда.

Видеоселекторда амалда қилинадиган ишлар ҳали кўплиги қайд этилган. Хусусан, сотилиши белгиланган 556 та мулкдан 288 таси савдоларга чиқарилмагани айтилган.

Шунингдек, давлат корхоналари ва банклари ихтиёрида уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан тургани танқид остига олинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шу йили 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, мазкур йиғилишда энди давлат мулкларини «1 сўм» қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилиниб, улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилиши маълум қилинди.

Аввалроқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги шу йилнинг январь-май ойларида «E-auksion» электрон савдо майдончаси орқали 127 та давлат мулки объекти ва давлат улушлари сотилганини қайд этганди.