2021 йилнинг январь — май ойлари давомида 15 816 та мулк ва мулкий ҳуқуқлар реализация қилиш учун «E-auksion» электрон савдо майдончасига чиқарилди.

Ушбу даврда бошланғич нархи 422,8 млрд сўмлик 11 918 та мулк 570,6 млрд сўмга реализация қилинди, деб хабар бермоқда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

Мулк ва мулкий ҳуқуқларни сотиб олган иштирокчилар белгиланган муддатда 3,4 трлн сўм миқдорида инвестиция киритиш мажбуриятини қабул қилиб олган.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг беш ойи давомида «E-auksion» электрон савдо майдончаси орқали 58,8 минг гектар ер майдони реализация қилинган. Аукционларда 45 875 нафар иштирокчи қатнашган.

Ушбу муддат давомида:

  • 127 та давлат мулки объекти ва давлат улушлари;
  • 235 та бошланғич нархи 1 сўмлик бинолар;
  • 4260 та тадбиркорлик фаолияти учун;
  • 64 та кўп қаватли турар жой қуриш учун;
  • 3283 та якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари сотилди.

Бундан ташқари, 1736 та давлат мулки объектлари ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги 19 та бўш контурлар ижарага берилган.

Фото: Давактив матбуот хизмати.

Шунингдек, 122 та норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкалари ҳамда 14 та стратегик турдаги фойдали қазилмаларни қазиш ҳуқуқи, 414 та ташқи реклама объектларини ўрнатиш ҳуқуқлари реализация қилинди.

Давактив агентилиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, айни вақтда савдо майдончасида 22 мингдан ортиқ мулк ва мулкий ҳуқуқлар савдода турибди. «Булар 252 та давлат активлари, 1661 та ижарага давлат мулки, 17,7 минг ер участкалари, 560 га яқин ташқи реклама объектларини ўрнатиш ҳуқуқи», дейилади хабарда.