Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 июль куни давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш, аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш ва иштирокчилар сонини кўпайтиришга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилади. Энди давлат мулкларини «1 сўм» қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилинади ва тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилади. Аукционда мулкни сотиб олганда, тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирилади.

Бундан буён, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага беришни фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Тошкент шаҳридаги 13 та йирик кўчмас мулк объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, сотувга чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги 154 та бўш турган объектни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифаси қўйилди.

Ҳокимликлар томонидан сотувга чиқарилган мулклар сотилганда, ҳудудлар ихтиёрида қоладиган маблағлар улуши 73 фоиздан 87 фоизга ошириладиган бўлди. Бу маблағлар вилоят ва туманлар (шаҳар) бюджетлари ўртасида тенг тақсимланади.

Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат корхоналари ҳамда банкларнинг асосий фаолиятга хос бўлмаган ва бўш турган объектларни тўлиқ қайтадан хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича топшириқ берилди.