1 июль куни ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокимларидан бирининг қизининг тўйида олингани айтилган фото ва видео лавҳалар тарқалди. Кейинроқ тармоқ фойдаланувчилари ушбу сурат ва видеолар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга алоқадор эканлиги ҳақида фикр билдиришди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳ берди. Қайд этилишича, вилоят ҳокими яқин кунларда қизини турмушга узатган. Ҳақиқатдан ҳам, видеолавҳанинг биринчи қисмида Андижон вилояти ҳокимининг қизи ва куёвининг унаштирув маросимидаги суратлар акс этган.


«Аммо, тарқатилган видеонинг иккинчи қисмида турли хил кийим кечаклар билан тўлдирилган гардироблар, уй-жойлар акс эттирилган суратлар вилоят ҳокимига умуман алоқадор эмаслиги аниқланди. Ушбу фотосуратлар интернет тармоқларидан кўчириб олинган ва кўчирилган суратлар ёрдамида тайёрланганлиги маълум бўлди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Ҳокимлик матбуот хизмати тармоқ фойдаланувчиларига ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот тарқатиш учун қонуний жазо чоралари мавжуд эканини эслатиб ўтди.