КХДРда оғир вазият туфайли 12 та давлатнинг элчихоналари ёпилди

12 давлатнинг дипломатик ваколатхоналари КХДРда фаолиятини тўхтатди ва республикадаги оғир вазият, шу жумладан товар ва дори-дармонлар етишмаслиги сабабли халқаро гуманитар ташкилотларнинг барча хорижий ходимлари мамлакатни тарк этишди. 18 март куни 38 нафар чет эл фуқароси мамлакатни тарк этди ва бу «КХДРдан дипломатик ваколатхоналар ходимларининг биринчи жамоавий кетиши» эмас, дея ёзмоқда Россия элчихонаси. «Корея пойтахтидан чиқиб кетаётганларни тушуниш мумкин — ҳар ким ҳам қаттиқ умумий чекловларга, зарур товарларнинг, шу жумладан дори-дармонларнинг кескин танқислигига ва соғлиқ муаммоларини ҳал қила олмасликка дош беролмайди», дейилади хабарда. Маълум қилинишича, Буюк Британия, Венесуэла, Бразилия, Германия, Италия, Нигерия, Покистон, Польша, Чехия, Швейцария, Франция ваколатхоналари ходимлари мамлакатни тарк этишди. «Aйни пайтда мамлакатда фақат тўққизта элчи ишини давом эттирмоқда ва «ҳозиргача бу ерда ишлаётган элчихоналарнинг шахсий таркиби минимал даражага қисқартирилмоқда», дея қўшимча қилди Россия элчихонаси. — Россия Федерациясининг Пхеньяндаги элчихонаси.


Озарбайжон ва Туркия фуқаролари ички паспорт билан ўзаро саёҳат қилишлари мумкин

1 апрелдан бошлаб Озарбайжон ва Туркия фуқаролари шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида ўзаро саёҳат қилишлари мумкин. Ҳукуматлараро битимига кўра, Озарбайжон фуқароларига Туркияга, Туркия фуқароларига эса Озарбайжонга саёҳат қилиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар рўйхатига иккала мамлакатда ички паспорт мақомига эга бўлган шахсий гувоҳномалар киритилган. Протокол 10 декабрь куни Туркия президентининг Бокуга ташрифи чоғида имзоланган ва 1 февраль куни Озарбайжон парламенти томонидан ратификация қилинган. Туркия томони тегишли ҳужжатни 30 январда тасдиқлади. 30 март куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари Туркияга визасиз, дипломатик, хизмат ва фуқаролик паспортлари орқали ҳамда биометрик шахсий гувоҳнома асосида саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишига оид изоҳ берди. Туркияда визасиз қолиш муддати 90 кун этиб белгиланган. Aммо биометрик шахсий гувоҳномадан фақат тўғридан-тўғри Туркияга саёҳат қилишда фойдаланиш мумкин. Учинчи мамлакатларга Туркия ҳудуди орқали саёҳат қилишда фуқаролардан чет эл паспорти бўлиши талаб қилинади. Шарҳда, шунингдек, Туркия Озарбайжон билан ички паспортни чегарани кесиб ўтишда ҳужжат сифатида фойдаланиш тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи мамлакат эканлиги таъкидланди. «Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари ва юқори даражадаги стратегик шерикликнинг яққол намоёнидир», деб таъкидлади Озарбайжон ТИВ. — ТАСС.


Украина президенти 2020 йил учун даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этди

Украина президенти Владимир Зеленский ва оила аъзоларининг 2020 йилдаги даромади 815 минг долларни ташкил этди, дейилади Украина раҳбари идораси томонидан эълон қилинган даромадлар тўғрисидаги декларацияда. «Украина президенти Владимир Зеленский 2020 йилда молиявий характерга эга бўлган мол-мулк, даромадлар, харажатлар ва мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни эълон қилди. Декларацияга кўра, давлат раҳбари ва унинг оила аъзоларининг даромади 2020 йилда 22 млн 747 минг 791 гривнани ташкил этди (жорий курс бўйича тахминан 815 минг доллар)», — дейилади хабарда.

Декларацияга кўра:

  • Киев яқинидаги Иванковичи қишлоғидаги кўчмас мулк ва ер участкасини сотишдан Зеленскийлар оиласига 485 минг доллар тушди.
  • Украина президентининг маоши 12 минг доллар ташкил этди.
  • Зеленский 165 минг доллар миқдорида роялтини (муаллифлик ҳуқуқи учун тушим) декларация қилди.
  • Зеленскийлар оиласининг Украина ҳудудидаги мулкни ижарага беришдан олган даромади 95 минг долларни ташкил этди.
  • Президент оиласи 15 минг доллар миқдоридаги ички давлат ссудасининг депозитлари ва облигациялари бўйича фоизлар олди.
  • Украина раҳбарининг рафиқаси Елена Зеленская 2020 йилда иш ҳақи ва гонорар шаклида 34 минг доллар олган.

2020 йилда Зеленскийлар оиласининг умумий даромади, кўчмас мулк савдосини ҳисобга олмаганда, 325 минг долларни ташкил этди, бу 2019 йилда олинган даромаднинг ярмидан кўпини ташкил этади (715 минг доллар). Украина президенти кўплаб товар белгилари (марка) эгаси бўлиб қолмоқда. 2020 йилда, шунингдек, Украинада 13 та ва чет элда иккита савдо белгиси рўйхатдан ўтказилди. 2020 йил давомида Зеленскийлар оиласи бюджетга 65 минг доллар миқдорида солиқ тўлашди. — Украина президентининг веб-саҳифаси.


Германия президенти AstraZeneca вакцинаси билан эмланди

Фото: bundespraesident.de

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер AstraZeneca томонидан ишлаб чиқарилган препарат билан коронавирусга қарши эмланди. «Мен Германияда тасдиқланган вакциналарга ишонаман. Бугун мен биринчи AstraZeneca вакцинасини (дозасини) олдим. Эмлаш пандемияни тугатиш йўлидаги ҳал қилувчи қадамдир», деди 65 ёшли Штайнмайер. — Deutsche Welle.


Хато туфайли Johnson & Johnson вакцинасининг 15 млн дозаси яроқсиз бўлди

Johnson & Johnson ўзларининг Ғарбий Балтимор заводида вакцинани ишлаб чиқариш учун Emergent BioSolutions компаниясини ёллаган эди. Завод ишчилари Johnson & Johnson вакцинаси учун ингредиентларни бошқа ишлаб чиқарувчининг вакцина таркибий қисмлари билан адаштириб аралаштиришди. Натижада, вакцинанинг 15 млн дозаси бузилди. АҚШ президенти маъмурияти Johnson & Johnson компаниясидан келажакда вакцина ишлаб чиқарилишини бевосита кузатиб боришни сўради. — Politico.


Байден ўзининг 2 трлн долларлик инфратузилма режасини эълон қилди

AҚШ президенти Жо Байден қиймати 2 трлн доллардан ошадиган инфратузилмани ривожлантириш режасини тақдим этди. Режани солиқларни ошириш орқали амалга ошир режалаштирилмоқда. «Биз буни ҳозир қилишимиз керак. Ишончим комилки, 50 йил ичида одамлар ҳозир қилаётган ишимизни таҳлил қилиб, айнан шу пайтда Aмерика ўзи учун булутсиз келажакни таъминлаган деган хулосага келишади», деди Байден. Байден унинг режаси «дунёдаги энг кучли, энг барқарор, инновацион иқтисодиётни» ва «яхши иш ҳақи билан миллионлаб иш жойларини» яратишига ишонади. Хабарларга кўра, AҚШ президентининг режасига транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун 621 млрд доллар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш учун 400 млрд доллар, саноат секторини қўллаб-қувватлаш учун 300 млрд доллар, арзон уйларни таъмирлаш ва қуриш учун 213 млрд долларнинг ажратилиши кўзда тутилган. Байден таклифларини амалга ошириш учун саккиз йил давомида 2 трлн доллар сарфланиши кутилмоқда. Уларни 15 йил ичида корпоратив солиқни 21 фоиздан 28 фоизгача ошириш, шунингдек, компанияларнинг ташқи фойдаларига солиқни кўпайтириш орқали қоплаш режалаштирилган. — Интерфакс.