Чехияда юз берган торнадо оқибатида 200 га яқин киши жароҳатланди

Фото: EPA/Vostock-photo

Чехия Республикасининг жануби-шарқий ҳудудларида содир бўлган торнадо оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, 200 га яқин киши жароҳат олди. Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор. Қутқарувчиларнинг хабар беришича, жанубий Моравия ҳудидидаги жами еттита аҳоли пункти, улардан Грушки, Лужице, Моравска-Нова-Весь ва Микулчице қишлоқлари энг кўп зарар кўрган. Одамлар турар-жой бинолари харобалари остида қолмоқда, қутқарув ишлари давом этмоқда. Таъкидланишича, Чехия армияси, шунингдек Словакия ва Aвстриядан келган қутқарувчилар ҳам жабрланганларга ёрдам беришмоқда. — Associated Press.


АҚШ Aфғонистонда 650 га яқин ҳарбийни қолдиради — ОАВ

Вашингтон Aфғонистондаги контингентининг асосий қисми чиқарилгандан сўнг мамлакатда 650 нафарга яқин ҳарбийни қолдиради. Бу ҳақда ТАСС АР’га таяниб хабар бермоқда. Маълумотларга кўра, AҚШ армиясининг асосий қисми олиб чиқиб кетилгандан сўнг дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун тахминан 650 нафар AҚШ ҳарбийлари Aфғонистонда қолиши мумкин. Бундан ташқари, бир неча юзлаб AҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортида, эҳтимол сентябргача Туркия кучларига хавфсизликни таъминлашда ёрдам беришади. Нашрнинг таъкидлашича, AҚШ ва халқаро кучларнинг аксарият қисми Aфғонистондан 4 июлга қадар ёки ундан кўп ўтмай олиб чиқилади. — ТАСС.

Шунингдек: AҚШнинг Маями шаҳрида (Флорида штати) кўп қаватли турар-жой биноси қулаши натижасида 100 га яқин одам бедарак йўқолган, камида бир киши вафот этди. У ерда 80 та қутқарув гуруҳлари иштирокида уйда бўлган одамларни кенг кўламли қидирув-қутқариш ишлари олиб борилмоқда. Улар вайроналар остидан тахминан 35 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлишди. Икки киши касалхонага ётқизилди. Яна ўнга яқинига жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Мамлакат президенти Жо Байден Флорида штатида фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Фото: Joe Raedle/Getty Images


Европа Иттифоқи Россияга қарши иқтисодий санкциялар муддатини узайтирди

Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши иқтисодий санкциялар муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. «Биз Россияга қарши иқтисодий санкцияларни узайтирдик. Москва Минск келишувларини бажаришга қаратилган ишини бажариши керак», деб ёзди Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель ўзининг Twitter’даги саҳифасида. «Европа Иттифоқи Россияга нисбатан бешта асосий принципга асосланган ягона ва стратегик ёндашувга амал қилади», дея қўшимча қилди у.

Иқтисодий санкциялар дастлаб 2014 йил 31 июлда «Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатлари»га жавобан бир йил муддатга жорий этилган эди. Кейин ушбу чоралар 2014 йил сентябрь ойида кучайтирилди.


Эрон олий раҳбари коронавирусга қарши эмланди

Фото: Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий / twitter.com/khamenei_ir

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий COVID-19 коронавирусига қарши вакцинанинг биринчи дозасини олди. «Ўз билимлари ва тажрибаларини ишга солиб, мамлакатга коронавирусга қарши вакцина сингари нуфузли имкониятни тақдим этиш учун илмий ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширганларнинг барчасидан чин юракдан миннатдорман», — деб ёзган Хоманаий ўзининг Twitter’даги саҳифасида. Олий раҳбарнинг илтимосига биноан, у Эроннинг COV-Iran Barekat препарати билан эмланган.

Таъкидлашича, эмлашдан олдин Хоманаий иккита шартни илгари сурган: у навбатдан ташқари эмлашни хоҳламаган ва Эронда ишлаб чиқарилган препарат билан эмланишни талаб қилган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг биринчи президенти, элбоши Нурсултон Назарбоев коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берган эдик.


Коронавируснинг дельта штамми одатдагидан икки баравар юқумли — ЖССТ

Дастлаб Ҳиндистонда аниқланган коронавируснинг дельта варианти, Хитойнинг Ухань шаҳрида топилган дастлабки штаммдан икки баравар юқумли, деди ЖССТ бош олими Сумья Сваминатан. Унинг тарқалиш тезлигини ҳисобга олган ҳолда, олим дельта варианти дунёда коронавируснинг доминант турига айланиши мумкинлигини айтди. «Яхши хабар шундаки, бугунги кунда дунёда қўлланиладиган вакциналарнинг аксарияти ҳеч бўлмаганда оғир касалликларнинг олдини олишда самарали бўлмоқда», деди Сваминатан. — Интерфакс.