Дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган Aндижон шаҳар депутати қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Маълум қилинишича, Избоскан тумани прокуратураси томонидан «Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида жамият раҳбари ЖКнинг 168- (Фирибгарлик), 192−11- (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, суднинг ажрими билан унга «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Депутатнинг қамоққа олиниши юзасидан унинг ҳамкасби Жаҳонгир Жиянов мурожаат билан чиқиб, Шуҳратбек Каримов доимий равишда ноқонуний ер ажратиш ҳолатларига эътибор қаратганлиги ва депутат сўровларини юборганлигини эслатди.

Жияновнинг сўзларига кўра, расмий идоралар ҳозиргача Андижондаги 50 дан ортиқ «Ер сотиш синдроми» ҳолатлари (Вазирлар маҳкамаси ва президент қарорларига зид равишда ер ажратилиши ва объектларнинг қурилиши) бўйича муносабат билдиришмаган. Ушбу ҳолатлар журналист Хуршид Далиев каналида ёритилган.

«Ҳеч қайси ҳолат бўйича қонунда белгиланган тартибда ижобий натижа берилгани йўқ. Нима учун Сенат, Олий Мажлис, Бош прокуратура ҳеч қанақа эътироз билдирмаяпти? Нега? Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўлдими? Биз ҳам жим ўтирайликми?», — дея таъкидлади депутат ва Шуҳратбек Каримовнинг қамоққа олиниши — «қолган депутатларга очиқдан-очиқ босим» эканлигини қўшимча қилди.

«Масъуллар очиқдан-очиқ президент сиёсатини саботаж қилишяпти. Биз республика бу масалага алоҳида эътибор беришини хоҳлаймиз. Бизнинг энг катта раҳбариятимиз Сенат бу ҳолат бўйича эътироз билдирмади. Нима учун? Президент [Андижонга] келиб кетди, ҳаммаёқ ими-жимида ёпди-ёпди бўлиб ктеди. Биз депутатлар ҳаммамиз овозимизни ўчирайликми?», — дея яна сўради Жиянов.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни халқ депутатлари Aндижон шаҳар кенгаши прокурор таклифига биноан шаҳар ҳудудидан ноқонуний равишда ер участкаларини ажратиб беришга қарши чиқиб келган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Aдлия вазирлиги «депутатни тинтув қилиш ва ўз ваколатларини амалга оширишга монелик қилиш ноқонуний» эканлигини таъкидлаганди.

Кейинроқ Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши президентга мурожаат йўллаб, мансабдор шахслар томонидан депутатларга босимлар ўтказилаётганини билдиришган эди.