17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши прокурор таклифига биноан шаҳар ҳудудидан ноқонуний равишда ер участкаларини ажратиб беришга қарши чиқиб келган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Депутатнинг ҳамкасби Жаҳонгир Жиянов Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга уриниш унинг фаолияти билан боғлиқ деган фикрни билдирган. Унинг таъкидлашича, Шуҳратбек Каримов мунтазам равишда ноқонуний ер эгалигига, шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаровнинг қарорларига қарши чиққан ва Бош прокуратурадан Андижон прокурорини аттестациядан ўтказишни сўраган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz» га маълум қилишига кўра, Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида «A. R. C.» МЧЖнинг (Ягона асосчиси Шуҳратбек Каримов) мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ҳамда 229-модда (ўзбошимчалик) билан қўзғатилган жиноий иш мавжуд.

Бундан ташқари, депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича масаласини кўриб чиқиш бўйича ташкил этилган йиғилишда, Миллий гвардия ходимлари томонидан айрим депутатларни тинтув қилаётганлиги аниқланган.

Бош прокуратура баённомаси

Идоранинг аниқлик киритишича,Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 3 март куни жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборилган.

Маълумотга кўра, «Alliance R.C.» МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 2017 йилдаги қарори билан Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, У.Юсупов кўчасида жойлашган 4.0 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.

Бироқ, «Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган.

Бош прокуратуранинг қайд этишига кўра, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган «Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи» ни сохталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган. Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.

Аниқланишича, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн сўм миқдорда зарар етказилган.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, депутат Ш. К.ни айблаш учун асослар етарли деб топилиб, прокурор томонидан 6 май куни шаҳар прокурори томонидан халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига депутатлик мақомидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.

Тақдимнома 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилиб, Ш. К.нинг депутатлик мақоми бекор қилинган. Иш бўйича тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Избоскан тумани прокуратурасига топширилган, дейилади хабарда.

Бош прокуратура, қонунчиликда тергов ҳаракатларига аралашиш, яъни уни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганлигини таъкидлаб ўтди.

Адлия вазирлиги муносабати

Адлия вазирлиги "депутатни тинтув қилиш ва ўз ваколатларини амалга оширишга монелик қилиш ноқонуний" эканлигини таъкидлади.

«„Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида“ ги Қонунга кўра ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўлиши, депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қанақа тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслиги, депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади», — дейилади вазирлик баёнотида.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий Регламентига мувофиқ сессия ўтказиладиган вақт, сана ва жой ҳамда кун тартиби Кенгаш депутатлари эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилиши, депутатларга танишиб чиқиш учун ҳужжатлар юборилиши, сессиялар очиқ, ошкора ўтказилиши ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши, зарур ҳолларда Кенгаши ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

«Бироқ, мазкур Кенгаш сессиясида депутатларнинг дахлсизлиги бузилиб телефон ва овозли видеога олувчи мосламаларни олиб кириши тақиқланган ҳамда айрим депутатлар тинтув қилинган», — қайд этди Адлия вазирлиги.

Адлия вазирлиги мазкур ҳолат бўйича ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига ҳамда Миллий гвардия Андижон вилоят Қўриқлаш бошқармасига тақдимномалар киритилганини ва унда келгусида бундай қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги ҳамда айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралганини маълум қилди.

«Шу ўринда, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан ўз вақтида ёки тўлиқ бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз», — дейилади хабарда.