Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмланганлар рўйхати кенгаймоқда. Эндиликда 50 ёшдан ошган фуқаролар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари COVID-19га қарши бепул эмланишлари мумкин. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус республика комиссиясининг қарорида хабар берилди.

Республика махсус комиссиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилди.

Сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлигини инобатга олиб, ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган тиббиёт муассаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Aввалроқ, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига келган беморлари сони 2 баробар кўпайганлиги ва беморларнинг касалхонага ётқизилиши 1,5 баравар кўпайганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакцинация жараёни 1 апрель куни бошланган эди. Биринчи босқичда 65 ёшдан катта бўлган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланди. 27 апрелдан бошлаб ўрта мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам вакцинация жараёнларига жалб қилинди.

31 май кунидан бошлаб чет элга ўқишга кетадиган талабалар, ОАВ ходимлари, блогерлар ҳамда ёзувчилар COVID-19 га қарши эмланадиган фуқаролар рўйхатига кирди.