Сўнгги кун ичида Ўзбекистонда 427 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, 20 июнь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106 452 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, сўнгги бир кун ичида 471 нафар бемор касалликдан соғайган бўлиб, Ўзбекистон бўйича жами тузалганлар сони 102 163 нафарга етди. Бунинг натижасида, мамлакатда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3571 нафар бемор даволанмоқда.

Зангиота туманида жойлашган 2-юқумли касалликлар шифохонасида 5 та реанимация бўлими мавжуд, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон 24» телеканали.

Реанимация бўлими мудири Ахтам Қорёғдиевнинг таъкидлашича, бўлимда 36 та ўрин бор. Шундан ҳозирги кунда 34 таси банд. «Бу ўта оғир беморлар кўпаяётганидан далолат беради. Ҳозирги кунда 2 та ўринни захира сифатида ушлаб турибмиз», — дея қўшимча қилади у.

Шифохона директори Дониёр Миразимовнинг маълум қилишича, охирги 3−4 кунда мурожаатлар сони 2 баробар кўпайган. Шунингдек, шифохонага ётқизилаётган беморлар бир ярим баробарга кўпайган. «Реанимацияга ётқизиладиган беморлардан асосий қисми 65 ёшдан юқори ва сурункали касалликлари бор беморлар. Ўша 65 ёшдан юқори ва сурункали касаллиги бор инсонларда вакцинация олиш имкони бор эди. Лекин улар ҳар хил сабабларга кўра рад этишган», — дейди Миразимов.