Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Тошкентдаги биноларга туширилган мозаика панноларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта таъмирлашга чақирди.

«„Premier Hall“ кинотеатри биносини реставрация қилиш вақтида рассом Альфред Мазитовнинг „Кокилли қиз“ номли ажойиб панносига дуч келинди. Шаҳримизнинг ёрқин, ўзига хос жиҳатларидан бири, истеъдодли ва таниқли рассомлар томонидан турли даврларда яратилган мозаика паннолардир. Тошкентнинг монументал санъат ёдгорликлари шаҳримизни модернизм пойтахти деб аташга асос бўла олади. Айнан ушбу ёдгорликлар Тошкентга бетакрор шаҳар қиёфасини бахш этадиган ажойиб бир рамздир», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Grace архитектура бюроси монументал санъатни сақлаб қолиш ва модернистик архитектурани замонавий мегаполис билан уйғунлаштириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

«Биз мозаика паннолар туширилган ноёб бинолар эгаларини ушбу санъат асарларини сақлаб қолиш ва таъмирлашга чақириб қоламиз. Тарихий меросни асраб-авайлаш келажак авлод олдидаги бурчимиздир. Токи ғанимат умрни бепарво ўтказганликда айбдор бўлиб қолмайлик. Келинг, бу бебаҳо меросни улар учун асраб қолайлик!», — деди у.


Никита Макаренконинг маълум қилишича, бино эгаси — Кинематография агентлиги ҳисобланади. Ташкилот директори Фирдавс Абдуҳолиқов мазкур панно сақлаб қолиниб, реставрация ишлари амалга оширилишини қайд этган.

«Ҳеч ким бу ажойиб мозаикани йўқ қилишга жазм этмасди! Ҳозир панно кинотеатрнинг режалаштирилган дизайнини бутунлай ўзгартиришни тақозо этмоқда. Энди кинотеатрнинг номи ҳам мазкур ажойиб санъат асари билан боғлиқ бўлиши керак, деб ўйлаймиз», — деган Абдуҳоликов.

Кинематография агентлиги раҳбари шунингдек, пойтахтликлардан кинотеатрга янги ном қўйиш бўйича таклифлар билдиришларини ҳам сўраган.

Агентлик паннони сақлаб қолиш учун бинонинг дизайни ва лойиҳасини ўзгартиришга сарфланадиган харажатларни қоплашга тайёр. Унинг реставрацияси аллақачон, Рассомчилар уюшмаси раиси Акмал Нур билан ҳам муҳокама қилинган.