Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан учрашувда келажакда ҳокимларнинг сайланишига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Биз жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича депутатлар, туман кенгашларига жуда катта ваколатлар берганмиз. Шундай тизимга ўтамизки, ҳар бир кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Кенгашга сайланган депутат унга раҳбар бўлади. Вилоят ҳокими ҳам вилоят кенгашининг раҳбари бўлмайди. Ижро органи раҳбари — туман, шаҳар кенгашларига ҳисобот берувчи. Бу тизимни онгимизга сингдирмаганимиз учун, одамлар ўргансин деб уни ушлаб турибман», — деди президент.

Давлат раҳбари ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда вазирлик ва республика идораларининг вакиллари борлигини, лекин улар ҳалигача қуйи поғонага ҳисобот беришни ўрганмаганлиги таъкидлади. «Бизнинг ижро органимиздаги энг катта камчилик шу. Бу органлар вакиллари юқори ташкилотига суяниб ўз билганича ишлаб юрибди. Бу замон тугаган», — деди у.

«Барибир вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини халқ сайлайди, қандай оғир бўлмасин шу кунга келамиз. Халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради, — деди Шавкат Мирзиёев.

Март ойида президент Тошкент вилоятида бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгаши йиғилишида ҳам ушбу масалага тўхталган эди. «Ҳокимлар ҳам сайлансин, деган гаплар ҳам жуда кўп айтилаяпти. Буни мен ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку. Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?», — дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳокимларни лавозимга сайлашни биринчи бор 2016 йилнинг декабрида таклиф этган эди. 2017 йилнинг августида у ҳозироқ ҳокимларни халқ сайлаши тизимини жорий этишга тайёрлигини билдирган эди.

2020 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари яна бир бор, «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», дея таъкидлаган эди.

Ҳозирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Шу билан бирга, номзодни давлат раҳбари тавсия этади.

Депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деди у.