Ўзбекистон халқи ҳокимлар сайловига тайёр, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Либерал-Демократик Партия (ЎзЛиДеП) фракцияси аъзоси Расул Кушербаев.

«Ким айтди тайёр эмас деб? Мен тўғрисини айтсам сайлов йўли билан тайинлашга тайёр эмас деган фикрдан йироқман. Мен ҳокимлар сайлов йўли билан сайланишга тайёр эмас деб ҳисоблайман. Ўзлари тайёр эмас. Қўрқишади, „сайлов йўли билан бўлса, мен ўтолмай қолсам керак. Менга ким овоз беради“ деб. Ишончни йўқотиб қўйилганда бу. Аслида, халқимиз тайёрмас деб, шу гапни айтаётганнинг ўзи қўрқади. Ўзи сайлай олмас бўлиши мумкин. Мана шундай деб ўйлайман», — деди депутат Yangiyo’lliklar TV лойиҳасига берган интервьюсида.

Расул Кушербаев Ўзбекистон аҳолиси ўз фикрини билдира оладиган даражада етарлича саводли эканлигини таъкидлади.

«Қанақасига [халқ] тайёр эмас бўлиши мумкин? Қанақасига одамда фикр бўлмайди? Нима у ўқимаганми? Жунглидан чиққанми, ҳайвонларнинг орасидан чиққан, ҳеч нарсани билмайдиган? Кечириб қўясиз, халқимиз ўқиш-ёзишни билади. Фикр айтишни билади. Қачон тайёр бўлмайди одам? Жунглида ҳайвонлар орасида яшаган бўлса, ёввойи бўлиб туриб, сайлов нима, одам нима тушунмаса. Тайёр эмас деган нарсага мен қўшилмайман. Тайёр, фақат шунга рухсат берадиганлар тайёр эмас. Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деб айтди у.

Бундан ташқари, Расул Кушербаев маҳалла раисларини сайлашда ҳокимликларнинг кимгадир «лояльный» бўлиб, кимнидир сайланишини хоҳлашини таъкидлади (қонунга кўра, фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) номзодлари ҳокимлар билан келишилади).

«2−3 та номзодни кўядими, бошқаларини чиқариб юборади. Чунки бу эртага жонимга тегиб, қийнайди дейиши мумкин. Лекин халқ қўймаса, мен бир неча жойда кўрганман, йўқ шуни қўямиз деганини, мажбур бўлиб қўйган. Шундай пайтлар ҳам бўлганки, ҳоким умуман бошқа одам ўтишини хоҳлаган, лекин одамлар уни хоҳламай бошқа одамни сайлаган. Мана шу ерда назоратни қўлдан чиқариб қўйган. Депутатлик сайловларида ҳам шунақа. Кўрганман нечтасини. Мисол учун одамлар ўзлари сайлашган қанча одамни. Ҳеч кимнинг таъсирисиз. Лекин, бировларнинг хоҳиши билан ўтганлар ҳам бор…», — деди депутат.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев илк бор Ўзбекистонда ҳокимлар ҳалқ томонидан сайланиши ҳақида таклиф билдирган эди. 2017 йил август ойида президент ҳокимларнининг халқ сайлови тизимини жорий этишга тайёрлигини эълон қилганди.

«Мен шуни хоҳлайман. Агар [ҳокимни] халқ сайласа, у халқ манфаатлари йўлида ишласа, президентга яна ким керак? Сайловчилар ва сайланувчилар бунга тайёрми ёки йўқ, бу бошқа масала. Сайланадиган ҳокимнинг даражаси ҳозирги замонга мос келадими?», — деган эди у.

2020 йилнинг сентябрида давлат раҳбари ҳокимлар ҳалқ томонидан сайланиши кераклиги ҳақида яна бир таъкидлаган эди. «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», — деган эди президент.

Ҳозирда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқлангандан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.