16 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари олий таълим муассасалари мавзусида тўхталар экан, ҳар бир йўналишда мутахассислар билимли бўлса, натижа кутилгандек бўлишини қайд этди.

«Биз олийгоҳларни кўпайтирдик. Уларнинг сифати қандай деган савол турибди. Вилоят ҳокимлари ўз ҳудудингиздаги олий таълим муассаси ҳаёти билан қизиқиб кўрганмисиз? Ёшларга қандай билим бериляпти, яшаш жойи қандай? Қайси тармоқ билан бирлаштириш мумкин таълим муассасасини? Ҳеч қайси вилоят, шаҳар ҳокимини бу савол қийнамаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент йиғилишда олийгоҳлар ректорлари тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Таъкидланишича, агар олийгоҳда билимли ректор бўлса, бу — халқнинг бахти.

«Ректорнинг дунёқараши вилоят, шаҳар ҳокиминикидан баланд бўлиши керак. Мен ректорни энг катта ислоҳотчи, фидойи деб биламан. Агар у ёшларни билимли қилиб тарбиялай олса, бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Лекин ҳамма ректорлар шундайми? Сифат билан шуғулланмаган, „талаба учун мен нима бера оламан“, деган саволга жавоби бўлмаган ректорнинг келажаги йўқ», — дея қўшимча қилади давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, олий таълим муассасалари сони 117 тани ташкил этмоқда. Қабул ўрни 66 мингдан 181 мингга, яъни 3 баравар ортган. Профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги 3,5 бараварга оширилган. Ўқишга ҳужжат топшираётганлар ҳам 2 баравар кўпайган.

«Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлган. Ва бундан фойдаланиб келган. Сўнгги йилларда соҳага рақобат кириб келди, хусусий ва хорижий олийгоҳлар кўпаймоқда ва бу вазиятни ўзгартиради», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, бугунги кунда 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди.

Давлат раҳбари таълим сифатини яхшилаш ва таълимнинг барча жараёнларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ташкил этиш масаласи Олий таълим вазирлиги, ректорларнинг эътиборидан четда қолиб кетаётганини танқид қилди.

Шавкат Мирзиёев ўтказилган сўровларда аҳолининг 65 фоизи олий таълимдаги ислоҳотларнинг натижаси сезилмаяпти, деб фикр билдирганини қайд этди.