Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди Қозиғистон ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво массалари таъсири остида бўлади. Ҳарорат кечалари +15…+18 даражагача пасаяди, кундуз кунлари +32…+35 даража атрофида, жанубда +36…+38 даражагача бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ҳафтанинг иккинчи яримда шарқий ботиқлик республика ҳудудидан силжийди, ҳаво ҳарорати аста-секин кечалари +20…+23 даражагача, кундуз кунлари +36…+39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +40…+41 даражагача кўтарила бошлайди.

Республиканинг катта қисмида ҳафта давомида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 14 июнда куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

14−15 июнда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида конвектив булутлилик ривожланишида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Республика бўйича 14−15 июнда ва 19 июнда шамол, баъзи жойларда чангли бўрон билан 17−22 м/с гача кучайиши мумкин.

«14 июнда кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиш ҳавфи бор», — дея қўшимча қилинади хабарда.