Аввалроқ «Газета.uz» ҳозиргача сақланиб қолган энг қадимий жонзотлар бири бўлган Амударё катта сохта куракбурунининг халқаро ҳамда Ўзбекистон «Қизил китоб» ига киритилган бўлса-да, уни овлаш давом этаётганлиги ҳақида хабар берган эди.

Давлат экология қўмитаси ушбу ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоби»га киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвон турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги қонун қоидаларига мувофиқ алоҳида тартибда, Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида йўл қўйилиши мумкин.

Фанлар академиясининг хулосасига мувофиқ, «Қизил китоб» га киритилган 10 дона Амударё катта куракбурун балиқ турига квота ажратилган. Ушбу ажратилган квота юридик шахс томонидан кўпайтириш ва келажакда маълум бир қисмини республиканинг табиий сув ҳавзаларига қўйиб юбориш мақсадида сўралган.

«Бироқ, бугунги кунга қадар ажратилган 10 дона Амударё катта куракбурун балиқ турини овлашга рухсат бериш бўйича ариза келиб тушмаган. Шу сабабли ҳеч кимга рухсатнома ҳам расмийлаштирилмаган», — дейилади Экология қўмитаси хабарида.

Шунингдек, Давлат экология қўмитасининг маълум қилишича, «шу йилнинг икки ойида балиқнинг 50 дан ортиғи овланган» тўғрисидаги аниқ далиллар қўмитага тақдим этилса, ҳуқуқбузар шахсларга нисбатан барча зарур чоралар кўрилади.