Амударё катта сохта куракбуруни ҳозиргача сақланиб қолган жонзотлар ичида энг қадимийлардан бири ҳисобланади. Бироқ ҳозирда уни сақлаб қолиш учун деярли чоралар кўрилмаяпти. Аксинча, ушбу балиқ тури маҳаллий халқ томонидан мунтазам овланиб келинади ва сохта курак бурунлар уруғига мансуб бошқа балиқлар каби қирилиб кетиш арафасида.

Гидробиолог Бахтиёр Шералиев ушбу турни сақлаб қолиш учун халқдан ушбу балиқни овламасликни сўради ва Экология қўмитасини бу борада зарур чоралар кўришга чақирди.

Фото: biolib.cz

Амударё катта куракбуруни

Амударё катта сохта куракбуруни ёки қилқуйруқ (инглизча номи — Amu Darya sturgeon ёки false shovelnose sturgeon) бакралар оиласига (осётрлар оиласи) мансуб балиқ тури бўлиб, Амударёнинг эндемик реликт тури ҳисобланади. Илмий номи — Pseudoscaphirhynchus kaufmanni. Ўзбекистон ва Туркманистонда Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимида учрайди. Афғонистон ва Тожикистонда ҳам учраши тахмин қилинади. Узунлиги ингичка думи билан биргаликда 85 см гача, оғирлиги 2 кг гача етади. Улар чучук сув балиғи ҳисобланади.

Ушбу балиқ тури халқаро «Қизил китоб»га «бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасидаги тур» [CR — Critically Endangered] мақоми билан киритилган.

Гидробиолог Бахтиёр Шералиев ўзининг Facebook саҳифасида аҳолини ва Экология қўмитасини ушбу масалага эътибор қаратишга чақирди.

«Бу Амударёдаги эндемик балиқ тури ҳисобланган Амударё катта сохта куракбуруни. Ушбу балиқ тури бутун дунё бўйича фақатгина Амударёда учрайди. У бундан тахминан 200−150 млн йил аввал пайдо бўлган бўлиб, дунёдаги энг ноёб балиқ тури ҳисобланади. Ушбу турни ўрганиш учун юртимизга тез-тез рус ва америкалик олимлар келиб туради», — дейди Бахтиёр Шералиев.

Эндемик турлар деб тарқалиши нисбатан кичик географик ҳудуд билан чекланган ҳайвонлар ва ўсимликлар оилалари, уруғлари, турларига айтилади.

Олимнинг айтишича, ушбу балиқ турини Хоразмда маҳаллий халқ бақра балиғи билан адаштиради. «Аслида бақра бошқа балиқ, у мана шу куракбуруннинг энг яқин қариндоши бўлган, аввал Оролда яшаган ва денгиз қуриши билан 1996 йилда Ер юзидан бутунлай қирилиб кетгани расман эълон қилинди», — дейди у.

Бахтиёр Шералиевнинг таъкидлашича, бу балиқ турлари «барча балиқларнинг бобокалони», яъни энг қадимий реликт турлар ҳисобланишади. «Мезозой эрасида пайдо бўлган. Ўша эрада пайдо бўлган балиқларнинг тана тузилиши айнан шунга ўхшаш бўлган. Ҳозирги биз ўрганган тана шаклидаги балиқлар кейинчалик Кайнозой эрасига келиб пайдо бўлган», — дейди у.

Реликт турлар деб ўтмишдаги геологик даврларнинг қолдиғи сифатида маълум бир минтақанинг флора ва фаунасининг бир қисми бўлган тирик организм ҳисобланади. Яъни реликтлар йўқолиб бораётган турлардан бўлиб, бизнинг давримиздаги ўтмиш намоёндаларидир.

Фото: fishbase.in

«Маҳаллий аҳоли Амударё катта сохта куракбурун балиғини аёвсиз қириб келади. Уларнинг ишонишича, ушбу балиқни пишириб еган фарзанд кўрмаган аёллар фарзанд кўрар эмиш. Аслида мутахассис сифатида айтишим мумкинки, бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайдиган гапдир. Ушбу балиқ гўшти таркибида ҳомиладор бўлишга ёрдам берадиган ҳеч қандай ноёб ёки мўъжизакор модда мавжуд эмас», — дея таъкидлайди гидробиолог.

Бу балиқ тури халқаро ва Ўзбекистон «Қизил китоб» ига бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасидаги тур сифатида киритилган ва овлаш тақиқланган деб ёзилган бўлса-да, Бахтиёр Шералиевнинг маълум қилишича, Экология қўмитаси 2021 йилда овлашга рухсат этган турлар ичида ушбу балиқнинг 10 тасини ҳам кўрсатган. Ушбу балиқ тури жуда ноёб бўлишига қарамай, маҳаллий браконьерлар томонидан қириб келинади.

«Бизнинг Хоразмда олиб бораётган кузатувимизга кўра, биргина 2021 йилнинг дастлабки икки ойида ушбу балиқнинг 50 дан ортиғи тутилган. Бизда ушбу тутилган балиқларнинг расмлари ва бошқа далиллари мавжуд. Экология қўмитасининг Хоразмдаги маҳаллий бўлимига қилган мурожаатларимиз эътиборсиз қолдирилмоқда. Менимча Экология қўмитаси бутун бошли дунёдаги энг ноёб турнинг бутунлай қирилиб кетишини кутаётган бўлса керак», — деб ёзади у.

Фото: Акбаржон Рўзимов.

«Расмдаги балиқ шу йил январь ойида Хоразмда Амударёда браконьерлар томонидан тутилган балиқ ҳисобланади. Расмдаги ҳолатда балиқ аллақачон ўлиб бўлган. Биз балиқ намунасини браконьерлардан сотиб олганмиз. Намуна илмий мақсадда фойдаланиш учун сақлаб қўйилган», — дейди гидробиолог.

Бахтиёр Шералиев ушбу балиқ турининг тўлиқ митохондриал геномини илмий тадқиқот давомида илк маротаба ўрганишга муваффақ бўлган. Унинг бу борадаги илмий ишлари натижаси Journal of Applied Ichthyology журналида нашр этилган.

У шунингдек, нега шу пайтгача ушбу балиқ турининг кўпайтирилишига эришилмаганини изоҳлади. «Бу балиқ доимий миграция қилувчи, катта майдонда яшашга мослашган балиқ. Қолаверса булар учун яшайдиган дарёнинг суви лойқа ва таги қумли бўлиши керак. Суви тиниқ, таги қумли бўлмаган дарёларда яшай олмайди. Бизда ҳозир бу балиқ яшаши мумкин бўлган ягона дарё фақат Амударё холос. Қолган дарёларимизга тўғон қуриб ташланган. Балиқларниг миграция қилиш йўли ёпилган», — деди у.

Маълум қилинишича, ушбу балиқ турини кўпайтириш ишлари сўнгги 15−20 йилдан бери амалга оширилмоқда, аммо ўтказилаётган бирорта тадқиқот натижа бермаган. «Ушбу балиқлар сунъий шароитда ҳеч қанақасига кўпаймаяпти», — дейди Бахтиёр Шералиев.

«Биз бу балиқларнинг табиий шароитда қандай кўпайиши ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз, балки шу боис ҳам уларни сунъий шароитда кўпайтиришнинг уддасидан чиқа олмаётгандирмиз, билмадим. Дастлаб тажрибалар Москвадаги зоопарк тажриба лабораториясида ўтказилган, у ерда ҳеч қандай натижа бермаган», — деди гидробиолог. Унинг айтишича, кейинчалик Хоразмда Маъмун академиясида россиялик ва ўзбекистонлик олимлар биргаликда бу ишга яна уриниб кўришган, бироқ яна ҳеч қандай натижа бўлмаган. Шунингдек, Тожикистонда қилинган тажрибалар ҳам муваффақиятсиз якунланган.

«Мана шу боис ҳам бу балиқнинг табиий муҳофазасини давлат ўз зиммасига олиб уни қўриқлаши, муҳофаза қилиши керак. Минг афсуски мутасадди ташкилотлар ҳинд полицияси каби ҳаммаси тугагач, бу тур бутунлай қирилиб кетгач етиб келмаса эди деб қўрқаман», — деди Бахтиёр Шералиев.

«Газета.uz» Давлат экология қўмитаси билан боғланди ва қўмитадан ушбу вазият бўйича изоҳ ололмади.

Амударё катта сохта куракбуруни билан бирга сохта куракбурунлар уруғига Сирдарё куракбуруни (ёки филбўйин) ҳам киради. Бироқ ушбу тур 1960 йиллардан бери қайд этилмаган ва ҳозир қирилиб кетган бўлиши мумкин деб ҳисобланади.

«Ҳурматли ватандошлар, мамлакатимиз ҳудудида яшайдиган жуда ҳам кўплаб ноёб ҳайвон ва ўсимлик турлари бор. Уларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутманг. Бу турлар нафақат биз, балки келажакдаги авлодларимизгача ҳам етиб бориши лозим. Ўйлайманки, шу ҳақида озгина бўлса ҳам ўйлаб кўрасиз», — дея хулосалади Бахтиёр Шералиев.