2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-торож қилинган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов маълум қилди.

Таъкидланишича, 2 йил давомида прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилишга оид протест киритилган. Бундан ташқари, маъмурий судлар томонидан ерга оид муносабатлар кўриб чиқилиши оқибатида туман ҳокимларининг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган.

«Мен нима демоқчиман? Ҳар бир туман ҳокимининг қабул қилган қарори асосли бўлса, ҳеч қанақа протест, ҳеч қанақа суднинг қарори қабул қилинмайди. Ваҳоланки, ўрганишлар, мутахассисларнинг берган хулосаси ҳозир айтилган фактларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти», — дейди Шавкатжон Раҳимов.

Маълум қилинишича, ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, президент фармони билан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.