Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 100% куйиб кетган жасад топилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилгани қайд этилган.

Бош прокуратура ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан янги тафсилотларни маълум қилди.

Қайд этилишича, қотиллик аломатлари (ёниб кетган) бўлган номаълум шахс мурдаси билан бирга Cobalt русумли автомашинаси ҳам топилган. Номаълум мурда мазкур автомобилни ижара шартномаси асосида ҳайдаб юрган фуқаро Ф.П. эканлиги тахмин қилинган. Жиноят жойи кўздан кечирилганда ўша ерда ётган ароқ шишаси идишидан бошқа бир шахс — фуқаро С.С.нинг бармоқ излари аниқланган.

Шундан сўнг С.С.нинг онаси ва укаси сўроқ қилинган. Яқинлари томондан марҳумнинг доимий иш жойи йўқлиги, қурилиш ишларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб юриши, муқаддам ўғирлик билан судлангани, мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиши, воқеа содир бўлган куни уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганлиги баён этилган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида марҳум деб тахмин қилинган Ф.П. аслида тирик бўлиб, Оҳангарон шаҳрида яшириниб юрганлиги аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Охангарон шаҳридаги хонадонларининг бирида яширинган Ф.П. ушланган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Ф.П. ўз айбига иқрор бўлиб берган кўрсатмасида Cobalt автомашинасида Тошкент шаҳар ҳудудида киракашлик қилиб юрганида айрим фуқаролардан 4,1 минг АҚШ долларини алдаб олгани, қарз бўлиб қолгани, уларни қайтаришнинг имкони бўлмагани сабабли нотаниш шахсни ўлдириб, ўзини ўлдига чиқариб қўрсатиш режасини тузганлигини билдирган.

Маълум бўлишича, Ф.П. 28 май куни Учтепа тумани, 20-мавзесида баклашка териб юрган рус миллатига мансуб, ўзига нотаниш шахс — С.С.ни кўриб, унга иш таклиф қилиб, ўзининг бошқарувидаги Cobalt`га ўтқазиб, дўкондан олинган ароқни ичириб, Сирдарё вилояти ҳудудидаги овлоқроқ жойга олиб келган ҳамда ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.